IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшлар IT парк резидентига айланади
Бундай ёшлар 3 йил муддатга барча солиқлардан озод этилади, IT компаниялардаги каби тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиш учун “ижтимоий карта”га эга бўлади. Инвестиция вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилади.
Бугунги кунда IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшлар – фрилансерлар 50 мингдан ошди. Бундай ёшларимиз йилига эллик, юз, ҳатто икки юз минг долларгача экспорт қилмоқда.
Лекин, бизда уларни бошини қовуштирадиган, муаммоларини эшитиб, ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган тизим йўқ. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 28 июн куни ёшлар билан учрашувда айтиб ўтди.
Давлат раҳбари қўшилган қиймат яратиб, уни экспорт қилаётган ёшлар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиб бериш зарурлигини таъкидлади.
Эндиликда:
- IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT парк резиденти мақоми берилади;
- улар уч йил муддатга барча солиқлардан озод қилинади;
- IT парк томонидан IT компаниялардаги каби тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиши учун уларга “ижтимоий карта” берилади;
- ёшларни ушбу соҳага жалб қилиш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.
Ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтириш учун ҳар йили 100 млн доллар ажратилади. Инвестиция вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилади.
Энг кўп иш ўрни яратган, фидойи ёш тадбиркорлар жамғарма кенгашига киради. Жамғарма раҳбарини ҳам ушбу ёшларнинг ўзи сайлайди.
Жамғарма, ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳасини танлаб олади ва уларга “бизнес пакет” қилиб беради, лойиҳанинг тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнида кўмаклашади, бозорини топади.
Жамғарма ҳокимлар билан биргаликда 14 та туманни танлаб, “тўртинчи саноат” касбларига ўқитиш маркази очади ва тўлиқ жиҳозлаб беради. Бу марказлар ёш тадбиркорларга 1 йил имтиёзли давр билан 10 йилга ижарага берилади. Марказларнинг ўқув дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилади.
Жамғарма, шунингдек, Сурхондарё тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан Ёшлар саноат зонасида саноат бинолари қуради. Бу жойлар “саноат ипотекаси” асосида юқори қиймат яратадиган лойиҳалар учун ёшларга 7 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Бунда ёшлардан биринчи йил учун тўлов ундирилмайди.
Ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказида “Креатив саноат парклари” ташкил қилинади. Уларга IT парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади.
“Креатив саноат парклари” олийгоҳлар ва йирик ишлаб чиқарувчиларга бириктирилади. Бу парклар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади.
Жамғарма бу ердаги ёшларнинг стартапларига уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради. Ушбу ёш тадбиркорларга фаолиятини кенгайтириш ва айланма учун кейинчалик 100 миллион сўм имтиёзли кредит берилади.
“Креатив саноат парклари”ни ривожлантириш учун бу йилнинг ўзида 10 миллион доллар йўналтирилади. Шунингдек, 2-4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Креатив иқтисодиёт бўйича Тўртинчи бутунжаҳон анжумани ўтказилади. Тадбир кунига қадар креатив индустрияни ривожлантириш бўйича қонун қабул қилиниши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
15:32 / 22.11.2024
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
21:51 / 29.07.2024
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
21:39 / 26.07.2024