Ўзбекистон | 21:20 / 28.06.2024
13627
3 дақиқада ўқилади

2 йиллик стажи бор ёшлар иш берувчининг тавсияси асосида олийгоҳга ўқишга қабул қилинади

Касби бўйича малака даражаси ва 2 йиллик стажи бор ёшлар корхона тавсияси билан олийгоҳларга контракт асосида қабул қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда маълум қилди. Шунингдек, лицей ўқувчилари 1- ёки 2-курсдан кейин ўқишни ОТМнинг 2- ёки 3-курсида давом эттириши мумкин бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни арафасида бир гуруҳ ёшлар билан учрашув ўтказиб, янги ташаббусларни илгари сурди.

Давлат раҳбари Ўзбекистонга “тўртинчи саноат инқилоби” касблари жуда муҳимлигини қайд этиб, шу муносабат билан ёшларнинг физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика (СТЭМ) билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим жорий қилиниши айтди.

Янги ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “A-level” дастурлари жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.

Ёшларимиз хорижий олийгоҳларда ўқиш учун математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича “SAT” имтиҳонини топширмоқда. Бу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элни энг нуфузли олийгоҳларига грант ютяпти. Энди бундай ёшларни ўзимизни олийгоҳларга ҳам грантга қабул қиламиз, деди президент.

Эндиликда олийгоҳларнинг биринчи ва иккинчи курсларидаги фанлар техникумлар билан уйғунлашади. Техникумнинг биринчи ва иккинчи йилини яхши ўқиган ёшларга халқаро классификаторнинг тегишли даражасига мос келувчи диплом берилади. Уларга олийгоҳни иккинчи ёки учинчи курсидан ўқишни контракт асосида давом эттириш имконияти берилади.

Касби бўйича малака даражаси ва икки йиллик стажи бор ёшлар корхона тавсияси билан олийгоҳларга контракт асосида қабул қилинади.

Юқоридагилардан ташқари:

  • чет тили бўйича миллий сертификат (CEFR) олишда қўлда ёзиш имконияти бўлмаганларга компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратилади;
  • Президент мактаблари агентлиги қошида “Олимпиадаларга тайёрлаш маркази” очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади, халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради;
  • олийгоҳ, вазирлик ва корхоналарга тегишли лабораторияларнинг ягона онлайн платформаси яратилади: қайси лабораторияда қандай ускуна бор, улар қандай синовлар қила олади ва қандай қувватларда ишлаяпти, деган саволга жавоб бўлади;
  • ёш олимлар тадқиқотлари учун керак бўлган ускуна, бутловчи қисм ва кимёвий воситалар бождан озод қилинади.

Мавзуга оид