Flydubai авиакомпаниясининг Дубайдан Тел-Авивга амалга оширилган рейси вақтида иккинчи учувчи теракт амалга оширмоқчи бўлган. Бу ҳақда Бирлашган Араб Амирликлари бош прокурори Ҳамад Саиф ал-Шамсий маълум қилди.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, иккинчи учувчи ҳаво кемаси командири Смит Маччҳарни дастлабки хабарларда айтилганидек пичоқ билан эмас, кабинадаги авария болтачаси билан яралаган.

«Иккинчи учувчи ўз режасини парвоз пайтида амалга оширишга киришган: у экипаж командирига кабинадаги болтача билан ҳужум қилган ва самолёт бошқарувини қўлга олишга уринган», – дея бош прокурорнинг сўзларини келтиради Амирликлардаги WAM давлат ахборот агентлиги.

У иккинчи учувчининг мотивлари ҳақида маълум қилмаган.

Авария болтачаси учувчилар кабинасида фавқулодда вазиятларда ишлатиш учун сақланади. Экспертларга кўра, ушбу қурол одатда иккинчи учувчи ўриндиғи остида туради.

Бош прокурор ҳужум қилган учувчининг шахсига оид маълумотларни очиқламаган. Бунгача Исроил расмийлари у Ўмон фуқароси эканини маълум қилганди.

Associated Press ва Reuters агентликлари ўз манбаларига таяниб ёзишича, иккинчи учувчининг исми шарифи Ҳаммам ал-Ҳаммамий бўлиб, у 29 ёшда.

Ал-Ҳаммамий Буюк Британиянинг Букингҳэмшир шаҳридаги Янги университетда уч йиллик масофавий таълим курсини тамомлаган ва 2023 йилда «Авиация бошқаруви» мутахассислиги бўйича диплом олган. Университетнинг аниқлик киритишича, у ушбу таълим муассасасида ҳеч қандай парвоз тайёргарлигидан ўтмаган.

ABC News нашри маълумотига кўра, 2024 йилда у Oman Air авиакомпаниясида иккинчи учувчи стажёри сифатида ишлаган, аммо унда «экстремистик йўналишдаги материаллар» борлиги аниқлангач, парвозлардан четлатилган. Шу билан бирга, унга маъмурий ишлар билан шуғулланишга рухсат берилган.

Кейинроқ у Royal Air Maroc авиакомпаниясида ҳам фаолият кўрсатган, саккиз ой олдин эса Flydubai авиакомпаниясига ишга кирган. Нима учун унга Исроилга қатнайдиган самолёт кабинасида иккинчи учувчи сифатида учишга рухсат берилгани ҳозирча номаълум – у бунгача ҳам бир неча бор Дубай-Тел-Авив йўналишидаги рейсларда иккинчи учувчи сифатида ишлаган. Гап шундаки, Исроил ва БАА ўртасидаги келишувга кўра, Исроил ҳудудига учувчи самолётлар бошқарувида ушбу давлат билан муносабатлари яхши бўлмаган давлатлар фуқаролари бўлиши тақиқланган, Ўмон эса Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатмаган. Ҳозир Исроил ҳукумати бошқа хорижий авиаташувчиларнинг учувчилари орасида Исроил билан душман давлатлар фуқаролари бор ёки йўқлигини текширмоқда.