Ўзбекистон | 15:01 / 16.05.2024
23457
2 дақиқада ўқилади

OCCRP: Рашид Қодировнинг ўғли Дубайда 8 млн долларлик кўчмас мулкларга эгалик қилади

Халқаро суриштирувчи журналистлар гуруҳининг аниқлашича, Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров Дубайда умумий қиймати қарийб 8 млн долларни ташкил қилувчи 4 та кўчмас мулк объектига эгалик қилади. У 2018 йилда товламачилик ва фирибгарликда айбланиб қидирувга берилганди.

OCCRP

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров Дубайда 7 млн 975 минг долларлик кўчмас мулк объектларига эгалик қилади. Бу ҳақда халқаро суриштирувчи журналистларнинг Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси (OCCRP) маълум қилди.

Қайд этилишича, Алишер Қодировнинг Marina Plaza'да тўртта офиси бор. Ҳар бирининг қиймати 1,9 млн доллардан 2,1 млн долларгача баҳоланган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан Алишер Қодировга нисбатан қидирув эълон қилинганди.

У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми А-банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган товламачилик), 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик), 168-моддаси 3-қисми “а” банди (кўп миқдордаги фирибгарлик), 168-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланди.

Алишер Қодировга нисбатан эълон қилинган қидирувнинг жорий ҳолати қандайлиги номаълум, чунки ИИВнинг расмий сайтидаги қидирувдаги шахсларни кўриш платформаси анча пайтдан бери ишламайди.

Мавзуга оид