Жамият | 17:18 / 25.04.2024
84117
6 дақиқада ўқилади

“5 ёшимда отамни мендан тортиб олишган” – Ботир Қодиров

Хонанда Ботир Қодиров ОАВга интервю бериб, марҳум санъаткор Шерали Жўраев унинг биологик отаси эканини, буни исботловчи етарлича далиллари борлигини айтди. “Онамнинг шаънига зид бўлган гапни айтишгани учун мен уларни судга беришга мажбур бўлдим. Мен укаларимдан ҳеч нарсани истамайман, менга пули ҳам, мероси ҳам керак эмас”, – деди у.

Шу кунларда хонанда Ботир Қодиров ҳамда марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг ўғиллари ўртасидаги можаро тармоқларда кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлиб турибди.

Мавзу атрофида айланаётган саволларга жавоб бериш учун 25 апрел куни Ботир Қодиров “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт олдидан журналистларга интервю берди. Хонанда нима учун судга мурожаат қилганини тушунтирар экан, Шерали Жўраев унинг биологик отаси бўлганини ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини айтди. 

“43 йил индамасдан келдим”

— Бу нарсани халқимиз, мухлисларимиз билади, билганлар билади, шубҳа қилганлар ҳам бор. Буни катта бўлган жойим, бутун Андижон билади. У ерга бориб сўрасанглар, бутун Андижон халқи гапиради бу ҳақда. Бу яширадиган нарса эмас эди, лекин бунинг ўзига яраша сабаби бўлгани учун яшириб келгандим, очиқ гапирмаган эдим. 

Чунки 20 ёшимгача отам билан муносабатимиз илиқ бўлган, отам мендан хабар олганлар, мен ота эшигида катта бўлганман, ёзги таътилларни отамнинг ота ҳовлисида, яъни Андижоннинг Асака туманида ўтказганман, отамнинг онаси, отасининг олдига кўргани борардим, улар мени кўтариб катта қилишган, бўла билан ўйнаб юрган даврларим бор ва ҳоказо. Нормал оилада бўладиган ҳолат... 

5 ёшгача, отам билан онам ажрашгунга қадар бирга яшаганмиз. Отам билан онамнинг учрашиши – отам онамни яхши кўриб қолган ва никоҳ қилганларидан сўнг мен дунёга келганман. Мен никоҳли фарзандман, беникоҳ фарзанд эмасман. Шунга ҳам аниқлик киритиб қўйишим керак, чунки ҳар хил нотўғри фикрлар бўляпти. Буни отам, менинг атрофимдаги яқинлар, ўша даврнинг инсонлари жуда ҳам кўпчилик билади, никоҳга гувоҳ бўлганлар бор, керак бўлса, буни тақдим қила оламиз. 

Отам ҳозирги оиласи билан яшаб, уйлангунга қадар биз бирга яшаганмиз. 4-5 ёшлик вақтим ажрашганмиз. Ўша йиллардан то 20 ёшимгача биз ҳар йили отам билан Андижонга келиб-кетиб юрган вақтда кўришар эдик, отам менга моддий ёрдам берар эди. Бизнинг ота-болалигимиз юксак даражада бўлган. Ҳатто “сизни соғиняпман, кўргим келяпти” десам, “мен қачон Андижонга келсам, сен келавер, энди катта бола бўлиб қолдинг”, дердилар. Умуман олганда бу масалага оид жуда ҳам кўп нарсалар бор. Лекин ҳозир бунинг ҳаммасини очиқлашга вақт етмайди. 

Отам мендан сўраган жойлари, айтиб кетган гаплари бор. “Болам, энди катта йигитсан, тушунишингни хоҳлайман. Ҳаётда баъзи бир масалалар бўлади, сен бунга сабр қилишингиз керак бўлади. Мен сени эҳтиёт қилишим керак”, деганлари учун мен 43 йил индамасдан келдим. Ҳеч қачон отамнинг тинчлигини бузмасликка ҳаракат қилиб, йигит сифатида отамнинг сўзларини икки қилмасликка шу вақтгача ҳаракат қилиб келдим. 

Биринчи ўринда отамнинг шаънига ёмон гап бўлишини хоҳламайман, азиз мухлисларимиздан отамнинг шаънига умуман кераксиз, хунук гапларни тўхтатинглар, азиз дўстлар. Чунки мен отамни болалигимдан яхши кўрганман, бундан кейин ҳам яхши кўраман. Отамни муҳокама қилиш менга эмас, биринчидан фарзанд сифатида мен уларни муҳокама қилмасликка ҳаракат қилганман. Бундан кейин биз бу оилавий масала бўлгани учун укаларим билан келишиб оламиз деган умиддаман. 

“Ўтиб кетган онамнинг шаънига зид гаплар бўлгани учун судга бердим”

— Лекин ўзи судга бермасдан юришим ҳам мумкин эди, бу нарсани қилишни хоҳламаганман ҳеч қачон. Бу нарсага мен мажбур бўлдим, укамиз Шоҳжаҳон тарафдан бўлган, 15 сентябр куни ижтимоий саҳифасига жойлаштирган “сен кимдан дунёга келганлигинг ва кимнинг фарзанди эканлигингни билмайдиган ўзингдан ҳам шубҳаланадиган...” деган маънодаги гапларни гапиргани учун бу нарса мен ва онамнинг шахсиятига теккани учун, онам учун шу йўлга киришдим. 

Онамнинг шахсияти, қадр-қиммати топталгани учун, ўтиб кетган онамнинг шаънига нотўғри гаплар бўлгани учун, ўзимнинг шаъним ва қадр-қимматимга зид бўлгани учун эркак сифатида ҳам, фарзанд сифатида ҳам чидаб тура олмадим. “Бўпти, шундай бўладиган бўлса, мен сизларга шу нарсани исбот қилиб берай, буни сизлар ёшлигингиздан биласизлар, мен сизларнинг отангизни тортиб олган жойим йўқ ёки бировнинг отасини ота деган жойим йўқ. Ваҳоланки, 5 ёшимда менинг отамни тортиб олишган. Мен улардан олдин бу ҳаётга келганман, бу дунёга келганимда менинг айбим йўқ. 

Отам ва онам ўртасидаги муносабатни ўзлари билишади. Фарзандлар ота-онани муҳокама қилишга ҳақли эмас. Менимча, муҳокама қилмаслигимиз тўғри бўлади. У инсон ўзбек санъати учун кўп ишларни қилиб кетган. Мен у инсоннинг номи улуғ бўлиши, яхши бўлишини хоҳлайман. 

  • Хонанданинг баёноти билан юқоридаги видео орқали тўлиқ танишишингиз мумкин. 

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид