Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат берди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 28 сентябр куни Риштон туманида яшовчи, 2012 йилда туғилган вояга етмаган қиз Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада жинсий зўравонликка учраган. Ҳолат юзасидан 29 сентябр куни Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида гумонланувчи ушланиб, 30 сентябрда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда жиноят иши доирасида тегишли экспертизалар тайинланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Вояга етмаган жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, руҳий ҳолатини тиклаш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида унга психологик ва юридик хизматлар бириктирилган.

Ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул ходимлари томонидан назоратга олингани билдирилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексида бундай қилмиш 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Аввалроқ Бухоро вилояти Қоракўл туманида 8 ёшли қизчага бузуқ ҳаракатлар қилган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.