Тошкент шаҳрида ҳайдовчини ҳақорат қилган ЙПХ ходими эгаллаб турган лавозимидан четлатилди. Бу ҳақда ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев хабар берди.
Маълум қилинишича, 8 ноябр куни соат 20:20 ларда пойтахтнинг Шаҳрисабз кўчасида ҳаракат тўғрига йўл белгисига амал қилмасдан чапга қайрилишни амалга оширган ҳайдовчи ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган. Ўзаро мулоқот вақтида юзага келган тортишувда иккинчи сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори кичик сержант Раҳимов ички ишлар органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда фуқарони ҳақорат қилган. У ҳайдовчига “Мен кўчаман”, дея носамимий муносабатда бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ЙҲХБ томонидан кечиктириб бўлмас хизмат текшируви тайинланган. Кичик сержант Раҳимов эгаллаб турган лавозимидан четлатилган.
“Ҳурматли ҳамкасблар, биз ҳуқуқ-тартибот тизими обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмасдан, ҳар қандай вазиятда фуқаролар манфаати учун хизмат қиладиган ўз касбининг профессионали бўлишимиз шарт”, дея эслатган Зойир Йўлдошев.
“Кўча”ларга эса нафақат тизимда, балки кўчада ҳам ўрин йўқлиги қўшимча қилинган.













