46 млрд сўм зарар: яна бир “автосалончи”лар иши судда кўрилмоқда
Kun.uz суриштирувидан сўнг жиноят иши қўзғатилган Тошкент шаҳридаги “Allianse Motors” МЧЖ мансабдорлари жуда кўп миқдордаги фирибгарликда айбланмоқда. Улар машина олиб келиб бериш ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, юздан ортиқ фуқаронинг бир неча ўн миллиард сўм пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. “Дело” бўйича жами 9 кишига айб эълон қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида судя Бахтиёр Алимов раислигида “Allianse Motors” МЧЖ мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди. Бу ҳақда суд мажлислари жадвалида келтирилган.
Жиноят иши доирасида 9 киши – МЖЖ таъсисчиси Шахзода Нарзиева, унинг укаси Давлатбек Нарзиев ва бошқалар айбланяпти.
Судланувчиларга ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғирлик, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, чет эл валютасини яшириш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда бошқа жиноятлар билан айблов эълон қилинган.
Kun.uz танишган айблов хулосасида келтирилишича, Шахзода Нарзиева укаси Давлатбек Нарзиев билан фуқароларнинг пул маблағларини алдов йўл билан қўлга киритган ҳолда енгил даромад топишни мақсад қилиб, 2021 йил декабр ойида “Allianse Motors” МЧЖни ташкил этган.
Фирмага Шахзода Нарзиева умумий раҳбарлик қилган. У жиноий йўл билан қўлга киритилган пулларни жиноий уюшма аъзолари ўртасида тақсимлаб, бошқа вилоятларда ҳам жамият филиалларини очишни режалаштирган. МЧЖни Давлатбек Нарзиев директор сифатида бошқарган.
Жиноят ишида 128 киши жабрланувчи сифатида ўтган. Уларга етказилган зарар миқдори эса 46 млрд сўмга тенг.
Қайд этилишича, МЧЖ мансабдорлари жиноий фаолият натижасида топилган мулкни легаллаштириб келишган. Хусусан, Шахзода Нарзиева жиноий йўл билан қўлга киритилган пуллар ҳисобидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Алишеробод маҳалласидаги уйлардан бирини 477 минг долларга сотиб олишга келишган. У 2024 йил июл ойига қадар 162 832 доллар ва 401 млн сўм пулларни шу мақсадда тўлаб келгани аниқланган.
Kun.uz аввалроқ жабрланувчиларнинг мурожаати асосида ушбу иш бўйича суриштирув олиб борганди. Суриштирув давомида мурожаатчилар “Allianse Motors” МЧЖ мижозлар билан шартнома тузиб, машиналарни вақтида келтириб бермагани, айримларни эса етказиб берилган авторанспорт воситасининг ҳужжатини тўғрилаб бермасдан овора қилаётганини билдирган.
Шундан сўнг кўп ўтмай “Allianse Motors” МЧЖ масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Аввалроқ ZTY иши бўйича 203 кишини чув туширганлар узоқ муддатга қамалгани хабар қилинганди.