Лойиҳа доирасида ногиронлиги бўлган мактаб ўқувчилари такси орқали мактабга ва уйга бепул етиб бориш имкониятига эга бўладилар. Транспорт харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади — ҳар бир бола учун ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 баравари (494 400 сўм) миқдорида. Имтиёз бериш шартларига қараб, сафар нархининг 60% ёки 100% қисми қопланади.
Агентликнинг таъкидлашича, ушбу ташаббуснинг мақсади — ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун мактабга хавфсиз ва қулай етиб боришни таъминлаш, шу билан бирга уларнинг оилаларига қўшимча ёрдам беришдир.

“Янги шаҳарларда ижтимоий такси хизмати йўлга қўйилиши — давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг муҳим натижасидир. Бу фақат транспорт хизмати эмас, балки болаларнинг жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этиши учун шароит яратишдир”.
Буюртмалар Yandex Go иловаси орқали амалга оширилади. Фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида «Ногиронлик аравачасида бўламан», «Ёрдам керак» каби махсус функциялар мавжуд. Ҳайдовчи бу маълумотларни олдиндан олади ва мос равишда тайёргарлик кўради.
Yandex Go хизмат кўрсатиш учун ушбу буюртмалардан ҳеч қандай комиссия ёки фойда олмайди. Давлат томонидан тўланадиган маблағ тўлиқ ҳайдовчиларга етказилади.
















