Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ Беларус билан калийли ўғитлар хариди бўйича йирик келишув устида ишлаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, харид нархи Вашингтон ҳозир Канадага тўлаётганидан анча паст бўлади.
Трамп бўлажак битимни америкалик фермерлар ва чорвадорлар учун «ажойиб янгилик» деб атади. Аммо АҚШнинг Беларус калийига эҳтиёжи қай даражада ва маҳсулотни етказиб бериш қанчалик осон бўлади?
Канадага босим ўтказиш воситасими?
DW мақоласида қайд этилишича, Беларус калий саноати 2025 йил охиридан буён давом этаётган АҚШ–Беларус музокараларида муҳим ўрин тутмоқда.
2025 йил декабрида АҚШ президентининг махсус вакили Жон Коул Минскка ташриф буюрганида Беларус калий саноатига нисбатан Америка санкциялари бекор қилиниши эълон қилинган. 2026 йил мартида эса «Беларуськалий» ва унинг савдо компанияси — «Беларусь калий компанияси» АҚШ санкциялар рўйхатидан чиқарилган.
АҚШ сиёсати бўйича эксперт Александра Филиппенконинг айтишича, Қўшма Штатлар калийли ўғитлар харидининг 70 фоиздан ортиғини Канада ҳисобига таъминлайди. У Трампнинг баёнотини Канадага, қисман эса Европа Иттифоқига босим ўтказишга уриниш сифатида баҳоламоқда.
Эксперт фикрича, Трамп Вашингтон Канада калийига мутлақ боғлиқ эмаслигини кўрсатишни истайди. Шу билан бирга, бу баёнот америкалик фермерлар манфаатларини ҳимоя қилаётганини намойиш этишга ҳам хизмат қилади.
Филиппенконинг таъкидлашича, Канада ҳукумати савдо масалаларида Вашингтон босимига ён бермаяпти. Бош вазир Марк Карни ҳукумати ўз бизнесини қўллаб-қувватлаш позициясида қолмоқда.
АҚШ таъминот манбаларини кўпайтиришдан манфаатдор
Филиппенко АҚШнинг Беларус калийига қизиқишини фақат сиёсий баёнот деб ҳисобламайди. Унинг фикрича, Вашингтон харид манбаларини кўпайтириш ва иқтисодий манфаатларини таъминлашни ҳам истайди.
Эксперт АҚШ ташқи муносабатларда, аввало, ўз иқтисодиёти ва хавфсизлигини ҳисобга олишини, бошқа мамлакатларнинг ички сиёсати ҳамда сиёсий маҳбуслар масаласи эса ҳар доим ҳам устувор бўлавермаслигини айтди.
У мисол сифатида Венесуэлани келтирди. Филиппенконинг сўзларига кўра, илгари асосан Хитойга йўналтирилган Венесуэла нефти энди АҚШга етказилмоқда, Америка компаниялари эса у ердаги 17 та конни ўзлаштириш учун эксклюзив ҳуқуқларга эга бўлмоқда.

















