Ўзбекистон | 09:00
784
2 дақиқада ўқилади

Yandex Uzbekistan Тошкентда светофор таймерларини навигация хизматларига қўшди

Yandex Uzbekistan Тошкентда реал вақт режимида светофор сигналларини кўрсатиш қамровини уч баробарга кенгайтирди ва навигация хизматларига сигнал алмашиш таймерларини қўшди. Энди маълумотлар 300 дан ортиқ светофор учун мавжуд: ҳайдовчилар жорий сигналдан ташқари, унинг қачон ўзгаришини ҳам кўриши мумкин.

Фото: Yandex Uzbekistan

Янгиланиш Yandex Maps ва Navigator иловаларида, шунингдек, хизматларнинг Apple CarPlay ва Android Auto версияларида ишлайди. Маълумотлар реал вақт режимида узатилади ва ҳайдовчиларга чорраҳадаги вазиятни олдиндан билиш имконини беради.

Ушбу функция айниқса орқа ҳисоб таймерлари ўрнатилмаган светофорларда фойдали бўлади. Ҳайдовчилар светофор фазалари ҳақида қўшимча маълумотга эга бўлиб, стоп-чизиқ олдида ҳаракатни аниқроқ режалаштириши мумкин.

Лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази кўмагида амалга оширилди.

«Ҳайдовчилар учун йўлдаги вазият ҳақидаги маълумотлар қанча кўп бўлса, қарор қабул қилиш шунча осонлашади. Навигация хизматларида светофор сигналларининг акс этиши ҳайдовчиларга чорраҳаларда яхшироқ мўлжал олиш ва жорий вазиятни ҳисобга олиш имконини беради», - деди Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев.

Компания томонидан ўтказилган фойдаланувчилар тадқиқоти натижаларига кўра, ҳайдовчиларнинг 88 фоизи навигацияда светофор сигналларини кўрсатиш функциясидан фаол фойдаланади. Шунингдек, иштирокчиларнинг 63 фоизига кўра, бу маълумот ҳаракатни янада башорат қилинадиган қилади. 48 фоиз ҳайдовчи ўзини рулда хавфсизроқ ҳис қилишини, 51 фоизи эса сафарлар хотиржамроқ кечишини таъкидлаган.

Светофор фазалари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш манзилга етиб бориш вақтини ҳам аниқроқ ҳисоблаш имконини беради. Маршрут тузишда ўртача кутиш вақти эмас, балки йўлдаги жорий вазият ҳисобга олинади.

Тошкент Yandex Uzbekistan навигация хизматларида светофорнинг жорий сигнали ҳақидаги маълумотлар жорий этилган илк шаҳарлардан бирига айланди. Келгусида қамровни кенгайтириш ва қўшимча светофор объектларини тизимга улаш режалаштирилган.

Мунира Тошниёзова
Тайёрлаган Мунира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид