17:48 / 26.04.2024
9137

12 та йирик корхонадаги давлат улушининг бир қисми оммавий савдога чиқарилади

Silk Avia авиакомпанияси ва Humo тўлов тизимидаги 100 фоиз давлат улуши оммавий савдоларга чиқарилади. Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибига кирувчи 4 та, «Ўзавтосаноат» АЖ таркибига кирувчи 42 та, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ таркибига кирувчи 9 та ташкилотдаги давлат улушлари хусусийлаштирилади.

Фото: Андрей Кудряшов

«Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • оммавий савдоларга чиқариладиган акция пакетлари (улушлар) рўйхати;
  • оммавий савдоларга чиқариладиган давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари рўйхати;
  • маҳаллий фонд бозорида акцияларининг бирламчи (IPO) ёки иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказиладиган корхоналар рўйхати.

Давлат активлари 3 ой давомида сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят маркази бундан мустасно) уларнинг қиймати 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтириб борилади. Актив бошланғич нарх пасайтирилганидан кейин ҳам 3 ой ичида сотилмаган тақдирда, хусусийлаштиришнинг бошқа усуллари қўлланади.

Жорий йилгача ижара шартномалари асосида ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларни бажарган тадбиркорларга хусусийлаштириш дастурларига кирган давлат мулкини баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

2024 йил 1 июлдан давлат иштирокидаги йирик корхоналарда:

  • корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш учун кузатув кенгашига бўйсунадиган корпоратив котибият ташкил этилади;
  • корпоратив бошқарувнинг янгиланган қоидалари ва ахлоқ кодекси жорий этилади;
  • кузатув кенгашининг баённомаларини масофадан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон овоз бериш бюллетенлари орқали расмийлаштириш имконияти яратилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибига кирувчи 4 та, «Ўзавтосаноат» АЖ таркибига кирувчи 42 та, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ таркибига кирувчи 9 та ташкилотдаги давлат улушлари хусусийлаштирилади.

Шунингдек, Silk Avia авиакомпанияси, «Миллий банклараро процессинг маркази» (Humо тўлов тизими) ва Хумсон санаториясидаги 100 фоиз давлат улуши ҳам оммавий савдоларга чиқарилади.

Бундан ташқари, 12 та йирик корхонадаги давлат улушларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилади:

Қарорда умумий ҳисобда 247 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1028 та кўчмас мулк объекти савдоларга чиқарилиши кўзда тутилган.

Top