Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази автомобил бозоридаги вазиятни таҳлил қилди. 

Июн ойидаги таҳлил натижаларига кўра, республика бўйича автотранспорт воситаларининг умумий савдоси 13,6 фоизга камайган ҳамда қарийб 87 минг донани ташкил этган. Йиллик ҳисобда эса бозор фаоллиги 1,4 бараварга қисқарган.

Марказга кўра, бу қисман мавсумий омилларга боғлиқ бўлиши мумкин, чунки ёзги мавсумда анъанавий равишда ишбилармонлик фаоллиги пасаяди.

Енгил автомобиллар

Июн ойида енгил автомобиллар савдоси 13,3 фоизга пасайиб, 77,6 минг донагача камайган. Ҳудудий кесимда энг катта пасайиш Сурхондарё va Андижон вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган – ўртача 22 фоиз.

Шу билан бирга, баъзи ҳудудларда сотувлар ошгани кузатилган. Хусусан, дастлабки 6 ойда Хоразм va Навоий вилоятларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 7 фоизлик ижобий динамика қайд этилган. 

2024 йилнинг биринчи ярми якунларига бўйича Ўзбекистонда енгил автомобиллар савдоси 580 минг донани ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 19 фоизга пастдир. Бу нафақат олдин эксплуатацияда бўлган автомобилларга талабнинг пасайиши билан, балки автомобилларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг мураккаблашиши ҳамда расмийлаштириш va қайта рўйхатдан ўтказиш қийматининг ошиши билан ҳам изоҳланади.

“Шундай қилиб, сотувлар умумий ҳажмининг 97,3 фоизи тўғри келувчи енгил автомобилларнинг иккиламчи бозорида талабларнинг қаттиқлашиши вa рўйхатдан ўтказиш тартибларининг қимматлашиши олди-сотди битимлари сонининг қисқаришига таъсир қилди, бу эса, ўз навбатида, автомобил бозорида умумий савдо кўрсаткичларига акс таъсир қилган бўлиши мумкин”, дейилади ИТИМ шарҳида.

Бирламчи бозордаги вазият 

Июн ойида енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида савдолар ўтган ойга нисбатан 9 фоизга камайган ҳамда умумий ҳисобда 26 минг донани ташкил этган. Йиллик ҳисобда эса фаолликнинг кичикроқ – 5,3 фоизга пасайиши қайд этилган. 

Янги енгил автомобилларнинг бирламчи бозори иккиламчи бозорга нисбатан анча барқарор динамикани намойиш этяпти.

Июн ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сотувининг қисқариш тенденцияси давом этган. Хусусан, бундай автомобиллар сотувлари май ойига нисбатан қарийб 10 фоизга пасайган. Ушбу тенденция маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдосининг май ойида бошланган ўсишига барҳам берди.