Дуал таълимда кадрлар тайёрлашга оид фармонда корхоналарнинг ушбу жараёнда фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган.

Унга кўра, корхоналарнинг ҳар бир талабага тўлаган иш ҳақи харажатларининг ярми ўқув йили якунида субсидия шаклида қоплаб берилади.

Субсидия қайси соҳаларга тегишли?

Мазкур тартиб қуйидаги таълим соҳаларида дуал шаклда таҳсил олаётган талабалар учун амал қилади:

муҳандислик иши;

ишлаб чиқариш ва ишлов бериш;

архитектура ва қурилиш;

қишлоқ хўжалиги.

Субсидия талабага тўғридан-тўғри берилмайди. У корхонанинг талабага иш ҳақи тўлаш учун қилган харажатларининг 50 фоизини қоплашга йўналтирилади.

Корхоналар рейтингига қўшимча балл берилади

Дуал таълим шаклига қабул қилинган талабалар сонига мутаносиб равишда корхоналарга «Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги» платформасида қўшимча баллар берилади.

Шу тариқа, корхонанинг дуал таълимдаги иштироки унинг рейтингини баҳолашда ҳам ҳисобга олинади.

Амалиёт базаси учун жиҳозларга бож — 1 фоиз

Корхоналар олий таълим муассасаси ҳудудида дуал таълим учун амалиёт базасини ташкил этиш мақсадида олиб келадиган жиҳозлар, ускуналар ва лаборатория жиҳозларига божхона божи ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.

Ушбу ставка 2030 йил 1 январга қадар амал қилади.

Ўқув ускуналарига тезлаштирилган амортизация қўлланади

Корхоналарга дуал таълим дастуридаги амалий машғулотлар учун харид қилинган ўқув ускуналари ва жиҳозларига нисбатан уч йил муддатга тезлаштирилган амортизация қўллаш ҳуқуқи ҳам берилади.

Белгиланган чоралар корхоналарнинг талабаларга иш ҳақи тўлаш ва амалий таълим учун моддий база яратиш харажатларини енгиллаштиришга қаратилган.