Роғун тўғонининг танаси денгиз сатҳидан 1 155 метр баландлик белгисига етказилган. Бу тўғоннинг ўз баландлиги қарийб 190 метрга етганини англатади. Лойиҳада уни 335 метргача кўтариш назарда тутилган.
Қурилишда эришилган ушбу босқич сув омборидаги сув сатҳини денгиз сатҳидан 1 140 метр белгисигача ошириш имконини беради.
ГЭС қурилиш давридаёқ электр ишлаб чиқармоқда
Роғун ГЭСнинг ўзига хос жиҳати — қурилиш ишлари давом этаётган бўлса-да, станция аллақачон электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Лойиҳада кўзда тутилган олтита турбинадан иккитаси ишлаяпти.
Сув омборининг босқичма-босқич тўлдирилиши фойдаланиш мумкин бўлган сув ҳажми ва босимини оширади. Бу эса қурилиш якунланишидан олдин ҳам электр ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради.
Вахш дарёси икки туннел орқали бурилган
Роғун тош тўкмадан барпо этилаётган, гил ўзакли тўғондир. Унинг пойдеворида иш бошлаш учун Вахш дарёси оқими иккита ерости туннели орқали бошқа йўналишга бурилган.
Гил ўзакнинг асоси ҳар бири 20–25 метр узунликдаги саккизта блокка ажратилган. Улар жами 180 метрлик қисмни ташкил этади. Ушбу блокларни қуриш учун қарийб 290 минг куб метр валик билан зичланган бетон ишлатилган.
Тўғон танасига жойлаштирилиши режалаштирилган материаллар ҳажмининг ярмидан кўпи аллақачон ётқизилган.
Шунингдек, пойдеворни мустаҳкамлаш ва сув сизиб ўтишини чекловчи цементация тўсиғини яратиш учун жами 500 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари бажарилган. Бу ишлар тоғли шароитда, катта ҳажмдаги материалларни ташишга мўлжалланган махсус ишлаб чиқариш тизими ёрдамида амалга оширилмоқда.
Умумий қувват 3 600 мегаваттга етади
Барча олтита турбина ишга тушгач, Роғун ГЭСнинг ўрнатилган қуввати 3 600 мегаваттни ташкил этиши режалаштирилган.
Лойиҳа ҳақидаги маълумотда станция Тожикистондаги ҳозирги электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар ошириш имконини бериши қайд этилган.
Гидроэнергетика мамлакатнинг асосий электр манбаи ҳисобланади. Шу билан бирга, аҳолининг бир қисми, айниқса, қиш ойларида электр тақчиллигига дуч келади. Роғун, аввало, ушбу ички эҳтиёжни қоплашга қаратилган.








