Автомобиллардаги қўшимча ғилдираклар нафақат йўлтанламас ва юк машиналарида асқотади, балки хэтчбек, седан, оилавий универсал ва ҳатто пойга машиналари учун ҳам ортиқчалик қилмайди. Қуйида намойиш этиладиган суратлар фикримиз исботидир.

Tyrrell P34 эҳтимол, олти ғилдиракли энг машҳур пойга автомобили бўлса ажаб эмас. Tyrrell P34 Формула 1 чемпионатининг икки мавсумида тўлиқ қатнашиб, 1976 йилда Швеция Гран присига сазовор бўлган.

Ушбу March 2-4-0 Формула пойгалари учун ишлаб чиқилган бўлса-да, уларда иштирок эта олмади. Лойиҳа ёпилишига узатмалар қутисида пайдо бўлган нуқсон сабаб бўлди.

Williams FW08B Формула биринчиликларидаги олти ғилдиракли сўнгги тажриба ҳисобланади. March моделидан фарқли равишда Williams прототипи синов вақтида тезкор ва ишончли эканини намойиш қилди. Аммо, пойгада қатнаша олмади, бунга 1983 йилда янгиланган қоидалар йўл қўймади.

Таъкидлаш жоизки, олти ғилдиракли автомобилларни фақатгина Формула 1 пойгалари кўргани йўқ. 1948-49 йилларда «Индианаполис-500» пойгасида Pat Clancy Special иштирок этган. Унинг орқа ғилдираклари етакчи бўлган.

Alfa Romeo T33/6/12 ўзига хос тарихга эга. Уч ўқли автомобилни Сильверстоундаги синов кунларининг бирида тушлик вақти ўғирлаб кетишди. Ўғрилар эса, рақиблар ёки олибқочарлар эмас, ўсмирлар эди. Машинани тезда топишди, аммо унинг мотори ... афсуски, двигателни топа олишмади.

Италиянинг Covini C6W спорткари муаллифлари Tyrrell болидидан илҳомланишган. 4.2 литрли V8 мотори соатига 300 кмгача ҳаракатланиш имконини беради.

Қайд этиш жоизки, иккинчи жаҳон урушига қадар ҳам 6 ғилдиракли автомашиналар ишлаб чиқишга муваффақиятли уринишлар бўлган. Hispano-Suiza H6A Victoria Town Car шулардан бири. У Барселонада Hispano-Suiza компанияси томонидан Греция қироли Георг Иккинчи буюртмаси асосида ишлаб чиқилган.




















