Ўзбекистон вилоятлари нега ҳозирги номи билан аталишига ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Қуйида шу мавзуга доир топонимик маълумотларни келтириб ўтамиз.

Андижон

Бу номнинг келиб чиқиши борасида жуда кўп тахминлар мавжуд. Буни шаҳарнинг Буюк ипак йўлида муҳим ўрин эгаллагани, транзит ҳудуд сифатида турли миллат ва элатдаги савдогарларга қўноқ бўлгани ва табиийки, ҳар бир тилда алоҳида номлангани билан изоҳлаш мумкин.

Афсоналардан бирига кўра, Туронзамин ҳукмдорларидан бири бўлган Афросиёбнинг қизи Адинажан бетоб бўлиб, даво топиш илинжида водий ҳудудларига келади ва бу ернинг шифобахш ҳавоси билан тузалади. Бунинг шарафига Афросиёб бу ерда шаҳар барпо этиб, қизининг номини беради. Лекин бу шунчаки афсона холос.

Бошқа вариантга асосан, шу ҳудудда адок, анди, азок номли турли қабилалар истиқомат қилган бўлиб, Андижон номи шунга боғланади. Жуда қадим замонда бу ерда анди қабиласи яшагани ва «андилар макони» сифатида Андижон номини олгани ҳақида ҳам тахминлар бор.

Баъзи хорижий топонимика луғатларида «Андикан» ─ дарё бўйида жойлашган шаҳар маъносини англатади, дея келтирилган ўринлар ҳам кузатилади.

Ҳозирги Андижон ҳудудида илк шаҳар қалъани барпо этган шахс ─ қабилабошининг исми Анди бўлгани ва унинг шарафига шаҳар шундай номлангани ҳақида ҳам фаразлар йўқ эмас.

Фарғона

Олимлар «Фарғона» сўзи бундан 13 аср илгари сўғд ёзувларида «Парғана», «Прағана» шаклларида ёзилганини таъкидлашади.

Баъзи манбаларда бу сўз ҳинд-санскрит тилида «кичик вилоят», форс тилида «тоғ оралиғидаги водий», «атрофи берк сойлик» деган маъноларга эгалиги қайд этилган.

Наманган

Водийнинг шимолий ҳудудларида йирик туз конлари бўлгани археологик қазишмалар асосида далилланган. Ҳудудда эрамизнинг дастлабки асрида ош тузи олинган кўл бўлгани ҳам тахмин қилинади.