Ўзбекистонда хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришгага қаратилган қонун кучга кирди. Қонуннинг тўлиқ матни "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 31 июлда қабул қилинган, Сенат томонидан 2015 йилнинг 6 августида маъқулланган.

«XIII 1 боб. Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар

192- (1) модда. Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш

Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум этиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, талон-торож аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —

энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.