Самарқандда янги савдо-кўнгилочар маркази очилди
Самарқандда 1 сентябрь, Мустақилликнинг 24 йиллиги нишонланиши куни тўйга тўёна сифатида тантанали равишда янги “Omega” савдо-кўнгилочар маркази очилди. Марказ ўзининг фаолиятини барчамизга азиз ва улуғ кун бошлашга қарор қилди.
Ҳозирча марказнинг 1-қавати ишламоқда, 2-қавати бир неча ойдан кейин ишга тушади.
Марказ очилиши қизил тасма қирқилиши билан бошланди. Савдо маркази раҳбарияти Самарқанд аҳли ва меҳмонларни ўзбек эстрадаси вакиллари концерти билан хушнуд қилди. Икки қаватли савдо маркази биноси олдида марказга ташриф буюрганлар ўртасида турли қизиқарли танловлар ўтказилди ва ғолибларга эсдалик совғалар топширилди.
Сўнгра барча йиғилганлар савдо маркази ичкарисига таклиф этилди. Умумий майдони 1300 кв метрни ташкил қиладиган марказнинг 1-қаватида катта ассортиментдаги озиқ-овқат ва етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларидан ташкил топган қаторлар қад ростлаган.
Марказнинг ажралиб турувчи жиҳати шундаки, бу ерда оддий “буханка”дан тортиб француз багетларигача бўлган иссиқ нон ва қандолатчилик маҳсулотлари харид қилиш мумкин. Бу нон ва қандолатчилик маҳсулотлари шу ернинг ўзида “Omega bakery” нонвойхонасида ва қандолатчилик цехида тайёрланади.
Марказ директори Дмитрий Латиповнинг таъкидлашича, марказда 40 нафар самарқандлик ёшлар фаолият юритмоқда, улардан кўпчилигини коллеж ва олий таълим муассасалари битирувчилари ташкил қилади. Шунингдек, марказнинг иккинчи қисмининг ишга туширилиши бўйича ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда. Латиповнинг айтишича, марказ нафақат савдо-сотиққа йўналган, балки кўнгилочар, барча ёшдагилар учун қизиқарли бўлиши керак.
Марказнинг умумий майдони 1800 кв метрни ташкил қилувчи 2-қаватида овқатланиш шахобчалари, кафе, болалар майдончаси, ўйин автоматлари ва кийим-кечак, пойафзал, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотлар сотиладиган дўконлар жойлашади.
Марказ маъмуриятининг маълум қилишича, марказ очилишининг биринчи куни унга минглаб одам ташриф буюрди. Улардан 1105 нафари 6000 номдаги маҳсулот харид қилди.