Иқтисодиёт | 17:24 / 04.09.2015
5601
3 дақиқада ўқилади

Путин: ЕИда миграцион инқироз кутилган ҳолат эди

Европада миграцион инқироз келиб чиқиши “мутлақо кутилган ҳолат эди”, деб ҳисоблайди Россия президенти Владимир Путин.
2015 йилдан буён Европага Шимолий Африканинг ихтилоф алангасида қолган ҳудудларидан энг камида 340 минг муҳожир келди.

Экспертларнинг фикрича, бу Иккинчи Жаҳон урушидан буён Европада кузатилаётган энг мудҳиш миграцион инқироздир. ЕИ аъзолари ушбу муаммони ҳал қилишга турлича ёндашмоқда.
“Биз, Россия, хусусан, камтарин қулингиз, агар ғарблик ҳамкорларимиз мусулмон дунёси давлатларида, айниқса Яқин Шарқ, Шимолий Африка минтақаларида янглиш ташқи сиёсат юритишда давом этса, улар эса бундай сиёсат юритишни давом этмоқда, йирик миқёсли муаммолар келиб чиқишини бир неча бор айтган эдик”, - таъкидлади у Шарқий иқтисодий форум чоғида.

“Бу қандай сиёсат? – сўзида давом этди Россия раҳбари. – Ўз стандартларини сингдиришга уриниш, тарихий ва маданий, диний, миллий ўзига хосликларни инобатга олмаслик... Бу, биринчи навбатда, америкалик ҳамкасбларимизнинг сиёсатидир. Европа иттифоқчилик мажбуриятлари доирасида бу сиёсатга кўр-кўрона эргашади, сўнг ўзи бунинг юкини зиммасига олади”.
Оқ Уйнинг расмий вакили Жош Эрнест Вашингтон муҳожирлар муаммосини ҳал қилишда ЕИга “техник экспертиза” тақдим этишга тайёрлигини баён қилди. АҚШнинг ўзи муҳожирларни қабул қилишга тайёр-тайёр эмаслиги ҳақидаги саволга жавобан эса “ЕИ давлатлари ушбу муаммони мустақил равишда ҳал қилиш учун етарли имкониятларга эга”лигини айтиб ўтди.

Шунингдек, Путин аҳоли Суриядан Башар Асад туфайли эмас, ИШИД террорчиларидан қочаётганини маълум қилди.
“Албатта, Суриядаги воқеаларга урлича ёндашувлар борлигини биламиз. Дарвоқе, одамлар Башар Асад режимидан қочмаяпти. Улар ИШИД қочмоқда. Террорчилар Сурия ва Ироқда кўп ҳудудларни эгаллаб олди. Ўша ерда ваҳшийликлар авж олди. Ўша ердан қочишяпти”, - таъкидлади у.

Муаллиф: Элдор Асанов