Европа чемпионатларида ФИФА кунлари туфайли юзага келган танаффус тугаб, тур ўйинлари давом эттирилмоқда.
Бугун Англия чемпионатида 5 тур ўйинларига старт берилади.
"Эвертон" - "Челси" (Тошкент вақти билан 16:45)
Турни "Эвертон" - "Челси" учрашуви очиб беради. Жозе Моуриньо шогирдлари муваффақиятсизликларига шу турда якун ясашни режа қилишган. Лекин ушбу тур арафасида жамоанинг асосий дарвозабони Тибо Куртуа сафдан чиқди. Энди камида кейинги 2 ой мобайнида Асмир Бегович жамоанинг асосий дарвозабони бўлади.
Мезбонлар эса 4 турдан кейин 5 очко билан турнир жадвалининг 9 ўрнида жойлашган. 14-ўриндаги лондонликлар ҳисобида эса 4тагина очко.

"Арсенал" - "Сток Сити" (19:00)
Лондоннинг яна бир жамоаси "Арсенал" ўз майдонида "Сток Сити"ни кутиб олади. Кўпчилик Венгер шогирдларининг ғалабасига шубҳа қилмаяпти. "Арсенал" айни пайтда 7 очко тўплаган ҳолда 5-6 ўринларни "МЮ" билан бўлишиб турибди. 5 тур арафасида "канонирлар" таркибида йўқотишлар йўқ.
"Сток Сити" эса 4та ўйиндан атиги 2 очко олган ва 18 ўринни банд этган. Жамоа ёзги трансферлар даричаси ёпилиши арафасида Жердан Шакирини трансфер қилди ва у бугун майдонга тушиши мумкин.

"Кристал Пэлас" - "Манчестер Сити" (19:00)
Янги мавсумда енгилмасдек таассурот уйғотаётган "шаҳарликлар"ни бу турда муҳим ўйин кутмоқда. Пеллегрини шогирдлари сафарда ўзини турнир жадвалида таъқиб этиб келаётган "Кристал Пэлас" жамоасига қарши кураш олиб боришади. Қолаверса бу ўйинни Давид Сильва ўтказиб юборади. "Манчестер Сити" сафида ушбу ўйинда жамоанинг янги харидларидан бири Кевин де Брюйне дебют қилиши мумкин.
Айни вақтда "Сити"да 12 очко, "Кристал Пелас"да эса 9 очко мавжуд.

"Манчестер Юнайтед" - "Ливерпуль" (21:30)
Бу турдаги яна бир марказий ўйин азалий рақиблар "Манчестер Юнайтед" ҳамда "Ливерпуль" ўртасида ўтказилади. "МЮ" сафида бу ўйинда Давид де Хеа ҳаракат қилиши кутилмоқда. Руни эса бу ўйинни ўтказиб юбориши айтилган. "Мерсисайдликлар" сафида эса жамоанинг асосий етакчиси Коутиньо дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди.













