Бирлашган Араб Амирликларида иккинчи шахс ҳисобланган, бош вазир ва Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактумнинг катта ўғли шайх Рашид ибн Муҳаммад ал-Мактум 34 ёшга киришига бир ярим ой қолганида юрак хуружидан вафот этди. Унинг кичик укаси ҳамда меросхўр Ҳамдан шундай ёзади: “Бугун қадрдон дўстим ва болаликдаги биродарим, акам Рашидни йўқотдим. Ўрнинг бизга билинади”.
Бугун марҳумнинг ҳаётий дунёда ким бўлгани ҳақида сўз юритамиз.
Британча назар
Instagram`даги бор-йўғи икки-уч қатор маълумотлардан ташқари, Рашиднинг ёшлиги ҳақида кўп нарса маълум эмас. Араб амирлари ва уларнинг меросхўрлари ўзларининг ҳаётлари ва бойликларини омма олдида намойиш этишмайди.
Амирнинг катта ўғли Рашид унинг биринчи ва бош хотини Ҳинд бинти Мактумдан дунёга келган.
У ва укаси Ҳамдан миллий қадриятлар асосида тарбияланган. Уларнинг тарбиясида амирнинг иккинчи рафиқаси, Иордания маликаси Ҳайи бинти ал-Ҳуссейннинг ҳам таъсири бўлган.
Дубай меросхўри шайх Рашид номли инглиз тилидан сабоқ берувчи мактабни тамомлади. Ана ундан сўнг отаси уни Буюк Британиядаги Сэндхерст ҳарбий академиясига жўнатади. Ушбу академияда араб шайхларининг фарзандлари ўқиши одат тусига кирганди (Қатарнинг ҳозирги амири, Баҳрайн қироли, Бруней ва Уммон султонлари шу ерда таҳсил олишган).
Меросдан маҳрум қилиниш
Рашид ибн Муҳаммад отасининг ишини давом эттиришга ҳар томонлама тайёргарлик олиб борарди: ҳукуматни бошқариш, иқтисодий маслалар шулар жумласидан эди. Аммо кутилмаганда 2008 йилнинг 1 февралида вазият бирдан ўзгарди. Катта ўғил тахтдан воз кечишини эълон қилди. Амир унинг ўрнига кичик ўғли Ҳамданни меросхўр этиб тайинлади. Энди Ҳамдан амир ўринбосари сифатида фаолият олиб борарди. Иш шу даражага етиб бордики, Рашидга ҳукумат бошқаруви вакиллари орасидан ҳам жой топилмади.

Кутилмаган бу қадамнинг ташланишини шунчаки бир томоша сифатида эътироф этишди. Чунки дипломатлар ва араб-мутахассисларининг қайд этишларича, амирнинг иккинчи ўғли отасининг ёнида доимий бўлар, камералар уни суратга олишар, маҳаллий матбуот эса фақатгина у ҳақда ёзарди. Хўш, шундай экан, катта ўғил Рашиднинг бу қарорига нима сабаб бўлди?
БААдаги АҚШ бош консули Дэвид Вильямснинг “Викиликс” орқали эълон қилинган телеграммаси бу масалага ойдинлик киритди. Манбанинг ошкор этмаган ҳолда маълум қилишича, Рашид сарой хизматчиларидан бирини ўлдириб қўйган. Бу эса, ўз навбатида, амирнинг жаҳлини чиқарган ва у мерос масаласи бўйича қарорини қайта кўриб чиқишига туртки бўлган.








