Жаҳон | 18:45 / 01.10.2015
34950
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг кўп масжидлар жойлашган давлатлар

Дубай Ислом иқтисодини ривожлантириш марказининг маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйича 3,6 миллион масжид мавжуд. Бу ҳар 500 мусулмонга битта масжид тўғри келади, деганидир. Марказ тадқиқотларига кўра, 2019 йилга бориб, жаҳондаги масжидлар сони 3,85 миллионга етади.

Дунёдаги энг кўп мусулмонлар (221 миллион) яшайдиган Индонезияда 800000 масжид фаолият юритмоқда (AFP маълумоти).

Индонезиянинг энг катта масжидларидан бири "Истиқлол" масжиди.

Бангладеш Исломий жамияти маълумотларига кўра, мамлакатда жами 250399 та, пойтахт Даккада 6000 масжид мавжуд.

Wikipedia энциклопедиясига кўра, Ҳиндистонда 300000 дан ортиқ, Покистонда 120000 дан ортиқ масжид рўйхатга олинган.

Туркия Диёнат ишлари бошқармаси маълумотларига кўра, 2014 йил сўнггида мамлакатдаги масжидлар сони 86101 тани ташкил этган.

Султон Аҳмад масжиди, Истамбул, Туркия

Хитойнинг CPPCC News нашри маълумотларига кўра, ХХРда жами 39000 масжид (ундан 25000 таси Шинжон мухтор ўлкасида жойлашган) мусулмонлар хизматида.

Hui-Mosque, Хитойда жойлашган масжид.

Россия Федерацияси муфтийлар кенгашининг раиси, Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Равил Ғайнутдинга кўра, Россияда 7000 дан ортиқ масжид мавжуд (2014).

Америка-Ислом алоқалари Кенгашининг ҳисоб-китобларига қараганда, АҚШда 2000 йилда масжидлар сони 1209 та, 2010 йилда 1897 та бўлган бўлса, 2011 йили уларнинг сони 2106 тага етган.

Франция мусулмонлари жамияти маълумотларига кўра, мамлакатда 2015 йил бошида 2200 масжид фаолият юритган. Буюк Британияда 1500 масжид рўйхатга олинган (2011).

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, ҳозирда республикамизда 2039 та масжид фаолият олиб бормоқда.

Манба: qadriyat.uz