Бугун, 30 ноябрь куни Франция пойтахти Парижда махаллий вақт билан соат 11:00да (Тошкент вақти билан 15:00) БМТнинг иқлим ўзгаришлари масалаларига (COP-21) бағишланган халқаро конференция ўз ишини расман бошлади.
Анжуманинг очилиш маросими Ле-Бурже аэропорти худудида бўлиб ўтди. Маълумки, мазкур аэропорт шу кунларда БМТ худуди деб эълон қилинган. Шу сабабли ҳам саммит вақтида Бурже худуди БМТ тинчликни сақловчи кучлари томонидан қўриқланмоқда. 2 минг 800 нафар БМТ кучларидан ташқари, яна 1 минг 300 нафар полиция ва жандармлар транспорт тармоқларида навбатчилик қилмоқда.
Умуман Парижда 6 минг 300, пойтахт атрофида 15600, мамлакат бўйлаб эса 120 минг хуқуқ-тартибот идоралари ва армия бўлинмаларининг ходимлари туну-кун навбатчилик қилмоқда.
Бундан ташқари, давлат раҳбарларининг шахсий қўриқчиларини ҳам ёддан чиқариш керак эмас. Хавфсизлик ҳудудига яқин атрофдаги 15та муниципалитет киритилди. Конференция хавфсизлик чоралари кучайтирилган тарзда бўлиб ўтмоқда.
Парижда 13 ноябрь куни юз берган террор ҳодисаларидан кейин мамлакатнинг барча ҳудудларида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Жаҳон мамлакатлари раҳбарларининг келиши арафасида эса Париж мустаҳкам қалъага айлантирилди.
Хорижий делегацияларнинг аъзолари Ле-Бурже, Руасси-Шарль-де-Голль, Орли, шунингдек, Эвре ва Крей ҳарбий аэродромларида кутиб олинди. Шаҳарликларга шахсий транспортларидан фойдаланмаслик тавсия қилинди. Шу билан бирга жамоат транспортидан фойдаланганлардан йўл кира олинмайдиган бўлди. Расмийлар корхона ва муассасаларга мурожаат қилиб, ўз ходимларига душанбада бир кун таътил бериш таклифи берилди.
Бугунги Париж газеталарининг барчаси халқаро анжуман мавзусини кенг ёритмоқда.
“Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидлар, террор хавфи сингари инсониятига офат келтиради. Чунки ҳар икки ҳолатда ҳам харитага сайёрамиздаги тинчлик ва барқарорлик тикилган” дейилади Le Monde газетасида босилган мақолада.
Мақолада таъкидланишича, агар зарур чора-тадбирлар кўрилмайдиган бўлса у ҳолда аср охирларига бориб, Ер юзидаги ҳарорат Цельсий бўйича 5 градусга ошади, жаҳон океанлари сатҳи эса 1 метрга кўтарилади. Бу ўз навбатида ер юзида бир қатор талофатларнинг, жумладан қурғоқчилик, сув тошқинларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу каби табиат инжиқликлари эса муҳожирлар оқимининг кўпайишига олиб келади. Бир қатор мутахассислар кузатилаётган жарённи “глобал исиш” деб эмас, “глобал иқлим ўзгариши” деб аташ лозимлигини таклиф қилмоқда. Чунки Ер юзида хақиқатан хам иқлим ўзгармоқда. Ер шарининг бир бурчагида ғайриодатий тарзда кунлар исиб кетаётган бўлса, бошқа бурчагида кутилмаганда қор ёғиб, кунлар совиб бормоқда. Айрим мамлакатлар 2100 йилга бориб яшаш учун яроқсиз бўлиб қолиши мумкин эканлиги айтилмоқда. Бу борада Яқин Шарқ мамлакатлари мисол сифатида келтирилади.






