Таҳлилчи Александр Бурковнинг “Коммерсантъ” газетасида чоп этилган мақоласида Қозоғистоннинг ташқи сиёсати ҳамда давлат бошқарувига тўхталиб ўтилди.
Муаллиф Қозоғистонни Марказий Осиё Сингапури деб атаб, унинг барча давлатлар билан дўстона алоқалар ўрнатишга интилаётганини таъкидлаб ўтди.

“Ташқи сиёсатининг асоси сифатида қозоқлар “катта фойда”ни кўрсатадилар ва уни “катта ўйин”га қарши қўядилар. Иқтисодий стратегия эса “100 қадам” деб аталади. Мамлакатнинг барча давлатлар билан бир хилдаги муносабатлари ва барқарор иқтисодий ўсишга қараганда, бундай ёндашув ўзини оқламоқда”, - таъкидлайди муаллиф.

Қозоғистон иқтисодиёти баъзан Россия иқтисодиётининг кичрайтирилган модели деб аталади: аҳоли ва ҳудуд мутаносиблиги, нефть ва газ ресурсларининг ҳажмлари кўп томонлама ўхшашдир. Қозоғистон аҳолиси 18 млн, нефть йилига 80 млн тонна қазиб олинади; Россия аҳолиси 142 млн кишини ташкил қилади, нефть қазиб олиш эса йилига 500 млн тоннани ташкил этади. Бундан ташқари, ҳар икки давлат иқтисодиёти нефть сотувларига боғланиб қолган.

Шунга қарамай, Бурковнинг фикрича, Қозоғистоннинг давлат бошқаруви Россияникидан анча самарадорроқдир.
“1997 йилда “Қозоғистон-2030” стратегияси қабул қилинган эди. Бу миллий давлатчилик қуришнинг кенгайтирилган режаси бўлиб, Қозоғистондаги ислоҳотларнинг негизини ташкил қилувчи принциплар унда акс этган”, - таъкидлайди эксперт.
Ислоҳотлар ва иқтисодиётни либераллаштириш барқарор ва анча қаттиққўл сиёсий тизимда ўтгани ҳам таъкидлаб ўтилди.

“Халқаро амалиётлар, шу жумладан, демократиялар ҳам, кўр-кўрона кўчирилмади, улар танлаб олинди, мослаштирилди. Қозоғистон раҳбарияти қон ва хаосдаги демократияни истамади, демократик ўзгаришлар йўлнинг бошида кучли сиёсий иродага асосланиши лозимлигини тушунди”.
“Қозоғистонда Россияга нисбатан анча самарадор давлат аппарати бор, - дейди иқтисодчи Михаил Хазин. – Назарбоев ўзининг асосий ютуқларидан бири деб вилоятлар раҳбарларига уларнинг мавқеи ажратилган ҳудуддаги импортнинг ўрнини босишга боғлиқлигини кўрсата олганини билади”.

“Қозоғистон-2030” стратегияси муддатидан олдин муваффақият билан бажарилган деб ҳисобланади, шу боис эндиликда раҳбарият “Қозоғистон-2050” дастури ижросига киришиб кетди. Эндиликда асосий урғу иқтисодиётнинг ресурсларни қазиб олиш сегментининг улушини камайтиришга қаратилмоқда. Нефть секторининг ЯИМдаги улуши 2010 йилда 49 фоизни ташкил қилган бўлса, 2014 йилда 44 фоизга тушди.