Бугунги давр нафақат тараққиётнинг, илм-фаннинг жадал ривожланиши билан, балки жаҳонни ларзага солаётган турли хил глобал муаммолар билан ҳам кечмоқда. Ана шундай дунёвий муаммолардан бири терроризмдир. Терроризмнинг халқаро миқёсда тобора тус олаётгани, унинг туб илдизи қирқилиши ўрнига, аксинча кенг қулоч ёзаётгани натижасида минглаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.
Бугунги кунда терроризм балосидан азият чекмаган давлат деярли қолмади. Кишини ташвишга соладигани эса кўплаб давлатлар биргаликда бир неча йиллардан буён мазкур иллатга қарши аёвсиз кураш олиб бораётган бўлса-да, бу курашнинг ижобий натижаси кўринмаётганидир. Бунинг сабаби нимада? Сабаблар бисёр, менинг назаримда. Террорчиларга қарши курашда дунёвий якдилликнинг йўқлиги, иккиёқлама назар билан қараш, айрим давлатларнинг ўз сиёсий ва иқтисодий манфаатларига эришиш учун террорчилар қўлидан фойдаланишлари…
Демократия ўрнатилиши кўзда тутилган мамлакатларга назар солайлик. Ироқ, Сурия, Ливия, Яман… Бу давлатларда вазият қанчалик чигал ва мураккаблигини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Афғонистонни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Деярли қирқ йилдан буён бу минтақада турли жиноий уюшмалар ин қуриб олган ва ажабланарлиси, уларга қарши кураш ҳеч қандай самара бермаяпти. Хўш, ўнлаб йиллардан буён энг ривожланган мамлакатлардан иборат коалициянинг террорчиларга қарши кураши нега самарасиз бўляпти? Нима учун инсонларни шафқатсизларча қатл қилаётган, тарихий-маданий обидаларни ваҳшийларча йўқ қилаётган жиноятчиларни тўхтатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаяпти? Балки уларнинг мавжудлиги кимларнингдир манфаатларига мос келар? “Душманимнинг душмани менинг дўстим” матали айрим мамлакатлар учун шиорга айлангандек гўё.
Шу йилнинг 31 октябрида Миср осмонида Россияга қарашли A 321 йўловчи самолёти ҳалокатга учраши оқибатида 224 нафар инсон (уларнинг орасида 25 нафар бола ҳам бор эди) ҳалок бўлди. Самолёт ҳалокатига унинг бортига бомба қўйилганлиги сабаб бўлган деб баҳоланди. Назаримда, дунё ҳамжамияти томонидан бу ҳалокатга етарли даражада эътибор қаратилмади, шунчаки сукут сақлаб қўя қолинди, холос. Парижда нашр этиладиган “Шарли Эбдо” журнали эса ҳалокатга бағишлаб карикатуралар чоп этди. Наҳотки, инсонларнинг ҳалокати кимлар учундир мазах манбаи, даромад топиш манбаи бўлса. Чуққурроқ назар ташласак, айнан ушбу журналда ислом дини мазах қилинган карикатуралар чоп этилгани боис шу йил бошида журнал таҳририятига ҳужум уюштирилган ва журналнинг ўн нафар ходими ҳалок бўлганди. Ўшанда Парижда терроризмни қоралаб Республика марши ўтказилган, бутун дунёда журнални қўллаб-қувватлаб, уларга ҳамдардлик билдириб “Мен Шарли Эбдоман” шиори остида акциялар бўлиб ўтганди. Россия самолёти ҳалокати мазах қилинганидан кўп вақт ўтмай, 13 ноябрь куни худди ўша Парижда бир гуруҳ шахслар террорчилик ҳаракатларини амалга оширишди. Фожиада 130 нафар инсон қурбон бўлди, юзлаб кишилар жароҳат олди. Яна бутун дунё оёққа туриб, террорчиларни қоралашга, уларга қарши курашни кучайтириш кераклигини таъкидлашга тушди. Бу икки ёқлама назар дегани эмасми? Кимнингдир фожиасига бефарқ қаралса, яна кимнингдир бошига худди ўшандай мудҳиш иш тушса, ёппасига унга ҳамдардлик билдиришса. Улар гўёки қўшнисининг уйига ўт кетса, бир четда қўл қовуштириб томоша қилиб турадиган инсонларга ўхшайди. Олов ўзининг уйига ўтганидагина уни ўчиришга тушиб шошиб қолишади.






