2015 йилда ўзбек фани ва маданияти бир нечта арбобларидан айрилди. Ziyouz.uz сайти улардан айримларини хотирлаб ўтди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952-2015)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятида туғилганлар.
Ўрта мактабни тугатгач, Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида таҳсилни давом эттирдилар. Олий маъҳадни битиришлари биланоқ «Совет шарқи мусулмонлари» журналида ишладилар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларини чет элга, яъни Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур факультетни 1980-мелодий санада имтиёзли тамомлаб, юртга қайтдилар.
Сўнгра шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, айни пайтда Олий маъҳадда дарс бердилар. Кейин мазкур маъҳадда мудир ноиби, сўнгра мудир лавозимларида ишладилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинландилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлдилар.
Шу йили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари собиқ совет Олий кенгашига депутат этиб сайландилар. Шайх ҳазратлари собиқ совет иттифоқи президенти Михаил Горбачёв ҳамда Олий кенгашга собиқ совет иттифоқи мусулмонларининг ҳаёти ифода этилган баённома тақдим этдилар. Баённомада мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш, уларнинг ҳуқуқларини қайтариш масалалари кўтарилган эди. Шайх ҳазратларининг Горбачёв билан бевосита мулоқотларидан сўнг коммунистик тузумнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида ижобий ўзгаришлар сезила бошланди. Шайх ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан собиқ иттифоқда кўплаб масжидлар ва мадрасалар очила бошланди, мусулмонларга ўз диний урф-одатларини, маросимларни адо этишга рухсат берила бошланди. Шайх ҳазратларининг кўплаб талабларига биноан, Горбачёв собиқ иттифоқдан ҳаж сафарига борадиган мусулмонларнинг сони кескин ошириш ҳақида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, ана шу даврда шайх ҳазратлари мусулмонларнинг тақдирини ҳал қилувчи катта миқёсдаги ишларни ҳам амалга оширдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари совет делегацияси аъзолигида бир неча давлатларга сафар қилдилар. Президент Горбачёвнинг таклифи билан афғон мужоҳидларининг Пешовардаги вақтинча қароргоҳига бориб, афғоний жиҳод қўмондонлари билан музокаралар олиб бордилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз саъй-ҳаракатларини собиқ иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга йўналтирган эдилар.