Жаҳон | 11:48 / 07.01.2016
9889
2 дақиқада ўқилади

Манба: Ироқда ИШИДнинг ҳарбий вазири йўқ қилинди

Анбар вилоятида Ироқ Ҳарбий Ҳаво Кучлари томонидан амалга оширилган амалиёт натижасида ИШИД таркибида “ҳарбий вазир” ролини бажарган раҳбар йўқ қилинди.

“Ироқ Ҳарбий Ҳаво Кучлари Ҳадис шаҳри яқинидаги Анбар вилоятида амалга оширган авиазарбалар натижасида ИШИДнинг “ҳарбий вазири” ва у билан бирга бўлган уч нафар террорчи ўлдирилди”, дейилган Ироқ ҳарбий қўмондонлик маълумотлар бюросининг Facebook`даги саҳифасида.

Маълумотлар бюроси декабрь ойи охирида Ар-Рамадида ИШИДнинг "молия вазири" қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.

"Ал-Арабия" телеканали маълумотларига кўра, ўлдирилган вазирнинг исми Самир Муҳаммад Матлуб ал-Маҳлавий ёки қисқача "Абу Муаз" бўлган. Хабар қилинишича, у билан биргаликда Ироқ ғарбидаги энг кўзга кўринган террорчилардан бири Хадван ар-Равий ҳам йўқ қилинган.

6 январь куни Ироқ хавфсизлик кучлари ва кўнгиллилар авиация ёрдамида Барвана ҳамда Хадита шаҳарларида ҳужумга ўтган ва ИШИДнинг 250 дан зиёд жангарисини йўқ қилган. Шунингдек, операция давомида террорчиларга тегишли 100 дан ортиқ транспорт воситаси, жумладан, портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобиллар сафдан чиқарилган.

Ироқ армияси Анбар вилоятида мамлакат Ҳарбий Ҳаво Кучлари, халқ лашкари жангчилари ва АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция авиацияси кўмагида террорчиларга қарши ҳарбий операцияларни амалга ошириб келмоқда. Шу кунгача энг қаттиқ қаршилик кўрсатган Ар-Рамади шаҳрининг 80 фоизини жангарилардан тозалашга муваффақ бўлинган.

Ироқ ҳарбийлари ИШИД молия вазири ҳибсга олинганини маълум қилишди