Apple компанияси iOS`дан Android`га ўтиш жараёнини соддалаштирмоқчи
Apple компанияси фойдаланувчилар учун ўз маълумотларини Android платформасига осонрон ўтказишга имкон берувчи восита устида ишламоқда, дея хабар берди The Telegraph.
Бундай қарор компанияга Европа алоқа операторлари томонидан кўп маротаба мурожаатлар келиб тушганидан сўнг қабул қилинди. Ахборот манбасининг сўзларига кўра, Apple мазкур қадамга норасмий тартибда рози бўлган, компания расмий баёнотни амалга оширмади.
Мобиль операторлар фойдаланувчилар Apple қурилмаларидан Android бошқарувли ускуналарга муҳим маълумотларни кўчириб ўтказиш техник жиҳатдан қийин бўлгани ва уларни йўқотиб қўйишдан чўчиётгани сабабли ўтишмаётганидан хавотир олмоқда.
Айнан шу ҳолат Apple`га бозордаги вазиятни ўз назорати остида сақлашга имкон бераётган эди. Таъкидланишича, компания учун бу ҳолат Стив Жобснинг “фойдаланувчиларни экотизимимиз доирасида ушлаб туриш” зарур, деган васиятига зид ҳисобланади.