Мeduza.io сайти ўз ўқувчиларига смартфонларни ҳимоя қилишни эслатиб, бунинг учун сабаблар ва бу борадаги тавсия ҳамда маслаҳатларини келтирди.
1. Нега маълумотларни ҳимоя қилишим керак? Улар кимга керак?
Мисол учун, фирибгарларга. Смартфондаги маълумотлар орқали банк ҳисоб рақамингиз, мобил ҳамёнингиз ёки ёзишмаларингизга эришиш мумкин. Бундан ташқари, виждонсиз махсус хизмат ходимларининг қурбонига айланишингиз ҳам мумкин.
2. Қандай маълумотлар ҳақида гапираяпсиз?
Ҳар бир инсон қандай маълумотни йўқотишдан қўрқишини ўзи ҳал қилади. Техник нуқтаи назаридан уларни иккига ажратиш мумкин. Смартфонигиздаги ва “булут тизими”даги маълумотлар. Бу ажратиш жудаям муҳим, чунки уларнинг ҳимоя тизими ҳар хил.
3. Смартфон хотирасидаги маълумотларни қандай ҳимоя қилиш мумкин?
Энг оддий қоидалардан бири бу смартфонингизни қўздан қочирманг ва уни бирон бир ўғри олиб кета олмайдиган жойда сақланг. Албатта экран блокировкаси (screen lock) маълумотларни ҳимоя қилишнинг энг асосий усулларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳар хил смартфонлар бир қанча турдаги ҳимоя воситаларини ишлатишга имкон беради: пароль, пин-код, график калит (бармоқлар ёрдамида чизиладиган махфий калит), юзни ёки бармоқ изини аниқлаш кабилар.
4. Пин-код паролдан қандай фарқ қилади?
Унчалик фарқ ҳам йўқ: пин-код фақатгина сонлардан ташкил топса, пароль сонлар ва сўзлардан ҳам ташкил топиши мумкин.
5. Қайси ҳимоя воситаси энг яхши?
Энг яхши ҳимоя воситаларидан бири бу кўпгина сон ва ҳарфлардан иборат бўлган узун ва қийин пароль. Бундай восита барча смартфонларда мавжуддир. Айтиб ўтиш керакки, барча воситаларнинг ҳам камчилиги мавжуд. Масалан, узун паролни эслаб қолиш мушкул, график калитни экранда қолдирилган издан билиб олиш, ҳаттоки бармоқ изини ҳам кўчириш мумкин.
6. Агар хотирам суст ва ҳар доим телефонимни унутсам нима қилиш керак?
Бундай ҳолатларда олдини олиш меъёрларига амал қилиш зарур. Айфонларда ва Android’ларда ҳам харита орқали телефоннинг жойлашган жойини қидириб топиш имконияти киритилган. Бундан ташқари айфонларда ўн марта нотўғри пароль киритилганда автоматик тарзда барча маълумотларни ўчириб юбориш имконияти мавжуд (фақат уни олдиндан телефоннинг пароль бўлимида ёқиш зарур). Агар сизнинг фарзандларингиз бўлса ва уларнинг қўлига телефонингиз тушиб қолса, бундай восита ачинарли оқибатга олиб келиши мумкин.







