АҚШда эркак 4 кишини отиб, ўзининг жонига қасд қилди
26 февралда АҚШнинг Вашингтон штатидаги Белфэйр шаҳрида оммавий қотиллик юз берди.
Бу қотиллик ҳақидаги хабарни полицияга қотилнинг ўзи берган. Эркак полицияга телефон қилиб, икки бола, бир эркак ва аёлни отиб ташлаганини айтган.
Полиция ходимлари зудлик билан айтилган манзил бўйича чиқишган. Полиция жиноятчи жойлашган уйни бир неча соат давомида қуршовда ушлаб туришига тўғри келган. Шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан қўшни кўчалар ҳам қуршаб олинган.
Натижада жиноятчи полициячилар ёнига чиққан, бироқ уй остонасида ўзининг жонига қасд қилган.
Полиция ходимлари воқеа жойидан яраланган қизни шифохонага олиб кетишган. Ҳозирда бўлиб ўтган воқеанинг сабаблари ва тафсилотлари ҳамда ҳалок бўлганлар ва қотил ўртасидаги боғлиқлик аниқлаштирилмоқда.
АҚШда охирги вақтларда оммавий қотилликлар борган сари кўп юз бермоқда. Мамлакатда қурол олиб юришга деярли тақиқлов йўқ. АҚШ президенти Барак Обама бунга қарши чиқмоқда, бироқ конгресс унинг қурол-аслаҳага эгалик қилиш ислоҳотига ўзгартиришлар киритишга барча уринишларига қарши чиқмоқда.