Тамагир ҳамшира жазоланди
Йўлда кетаётиб кутилмаганда йиқилиб тушиб, жароҳат олган фуқаро шифохонага боришга мажбур бўлади. Шифокорлар томонидан беморга керакли ёрдам кўрсатилади.
Бир муддат ўтиб, унинг ёнига мазкур шифохонада ҳамшира бўлиб ишловчи аёл келиб, бемордан шубҳалана бошлайди ва “Сен йиқилмагансан, балки уришгансан ва буни атай яшираяпсан. Буни керакли одамларга етказаман, ўзингга ёмон бўлади”, деб пўписа қила бошлайди.
Шундоқ ҳам жони оғриб турган, ортиқча ёзув-чизув ва ғавғога тоқати йўқ бемор ростдан ҳам йиқилиб, жароҳат олганига уни ишонтира олмайди. Шундан кейин қулоғим тинчир дея, чўнтагидаги 41 минг сўм пулни ҳамширага беради. Бироқ, барибир, ҳамширанинг бу жиноий қилмишидан ички ишлар ходимлари хабар топди.
“Ёши эндигина 30 дан ошган бу ҳамширанинг товламачилиги, таъмагирлигига ўз вақтида чек қўйилмаганида яна қанча беморларнинг ташвишига ташвиш қўшиши мумкин эди”, деб ёзади “Огоҳ” нашри.