Спорт | 15:21 / 04.03.2016
4419
2 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян Ўзбекистоннинг 2015 йилдаги энг яхши мураббийи бўлди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ОАВ вакиллари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 2015 йилдаги энг яхши мураббийи деб топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси ахборот хизмати маълум қилди.

Ўтган йилнинг июнь ойидан Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилаётган Самвел Бабаян мазкур сўровномада, ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Кубогини қўлган киритган Қаршининг “Насаф” клуби устози Рўзиқул Бердив ҳамда Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасини Жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар олиб чиққан Равшан Ҳайдаровларни ортда қолдирди.

Таъкидлаш жоиз, Самвел Бабаян мураббийлигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 ҳамда ОК-2019 саралаши доирасида жами 4 та расмий учрашувда майдонга тушди ва уларнинг барчасида ғалаба қозониб, юз фоизлик натижа қайд этди.

Йилнинг энг яхши мураббийи сўровида кучли учлик қуйидагича кўриниш олди:

1. Самвел Бабаян (Ўзбекистон миллий терма жамоаси) – 60 очко
2. Рўзиқул Бердиев («Насаф», Ўзбекистон) – 44 очко
3. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-20 терма жамоаси) – 10 очко