12:53 / 06.03.2016
12987

14 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2016 йил 1 март куни Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Мамлакатимизда мўътабар аёл зотига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган қизларни рағбатлантириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги «Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига асосан:

1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизларини аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.

2. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова зиммасига юклансин.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар рўйхати

Байжигитова Азиза Аллияр қизи – Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 22-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси

Фозилжонова Севарахон Баходиржон қизи – Андижон санъат коллежининг 3-босқич ўқувчиси

Алиева Гулноза Акрамовна – Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги 1-академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси

Раимқулова Моҳигул Дадажон қизи – Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси

Низамова Моҳидил Махмуд қизи – Қашқадарё вилояти Яккабоғ озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 1-босқич ўқувчиси

Холбутаева Дилфуза Шарофиддиновна – Навоий олимпия захиралари коллежининг 3-босқич ўқувчиси

Воққосова Гулираъно Давронбой қизи – Наманган вилояти Тўрақўрғон ижтимоий-иқтисодиёт ва спорт коллежининг 3-босқич ўқувчиси

Келдиёрова Диёра Бахтиёр қизи – Самарқанд вилояти Пастдарғом политехника касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси

Ғозиева Нодира Рустам қизи – Гулистон давлат университети қошидаги 1-академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси

Шойимова Комила Ўрол қизи – Термиз давлат университети қошидаги 2-академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси

Раимқулова Зулҳаё Хикматилла қизи – Ўзбекистон давлат консерваториясининг 1-босқич талабаси (Тошкент вилояти)

Мамажонова Зулфияхон Миркомил қизи – Фарғона вилояти Қува педагогика ва иқтисодиёт коллежининг 3-босқич ўқувчиси

Исмаилова Озода Анваровна – Урганч давлат университети қошидаги 2-академик лицейнинг 1-босқич ўқувчиси

Ботирова Азиза Хамидовна – В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг 1-босқич ўқувчиси

Top