Бугунги кунда Ер сайёрасида 7 миллиарддан ортиқ киши истиқомат қилади. Аҳоли сони кун сайин ўсмоқда. Бироқ глобал иқтисодиёт, сиёсат ва хавфсизликка аҳолининг сон ўзгаришлари эмас, сифат ўзгаришлари таъсир кўрсатади.
Яқин ўн йилликда жаҳон харитасида демографик ўзгариш кузатилиб, аҳоли ўсишининг 90 фоизи Африка, Осиё ва Лотин Америкаси ҳиссасига тўғри келади. Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларнинг аҳолиси кексайиб бормоқда ва шу билан бирга камайиб кетмоқда. Демографик инқироз нафақат Европада балки, Осиёдаги айрим мамлакатларда, жумладан иқтисодиётнинг ғарб моделини танлаган Жанубий Корея ва Японияда ҳам кузатилмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, 2050 йилда ер юзи аҳолисининг 22 фоизини пенсионерлар ташкил қилади. Ҳар бир сонияда икки киши ўзининг 60 ёшини нишонламоқда. БМТ прогнозларига кўра аср ўрталарига бориб, ер юзида 100 ёшдан ошган 3,2 миллионга яқин киши истиқомат қилади. Бугунги кунда уларнинг сони 300 мингдан ошиб кетган. 2050 йилда аҳолининг ўртача ёши 76 ёшни, 2100 йилда эса 85 ёшни ташкил қилади. Бунга соғлиқни сақлаш тизимининг яхшиланиши, иқтисодий фаровонлик сабаб бўлади. Ривожланган мамлакатларда эса ҳар бир ишлаётган ходимга бир нафар пенсионер тўғри келади.
XVIII аср ўрталарида Ер юзи аҳолисининг 20 фоизи Европада истиқомат қиларди. Саноат инқилоби юз бергач, “кўҳна қитъа” аҳолиси бирданига ошиб кетди ва Биринчи жаҳон уруши йилларига келиб тўрт баробар кўпайди. 1913 йилда Европа ва Шимолий Америка аҳолиси Ер юзи аҳолисининг 35 фоизини ташкил қиларди. Ўшанда Европада Хитой аҳолисидан кўп аҳоли яшарди. Орадан ўтган 100 вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. XXI аср бошларида сайёра аҳолисининг атиги 17 фоизи АҚШ, Канада ва Европа мамлакатлари ҳиссасига тўғри келарди. 2050 йилга бориб бу рақам 12 фоизга тушиб қолиши айтилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда ер юзида 8,1 миллиард киши истиқомат қиладиган бўлса, аср ўрталарида бу рақам 9,6 миллиардга етади.
Авлодлар давомийлигини таъминлаш мақсадида бир аёлга ўртача 2,1 нафар бола тўғри келиши керак. 2011 йилда бу рақам 1,5 нафарни ташкил қилди. Энг юқори кўрсаткич Ирландияда (2,02), Францияда (1,96) ва Буюк Британияда (1,91) қайд қилинган. Қолган мамлакатлардаги кўрсаткич бонг уриш даражасида паст.
Демографик вазият Жанубий ва Шарқий Европа мамлакатларида аянчли экани айтилади. Авлодлар давомийлиги билан боғлиқ аянчли вазият Германияда (1,41) ҳам кузатилмоқда. Мазкур статистикадан кўриниб турибдики, бир қатор Европа мамлакатлари халқларининг келажагини ёрқин деб бўлмайди. Агар туғилиш шу даражада давом этадиган бўлса, 40 йилдан кейин Европа мамлакатларининг аҳолиси 100 миллион кишига камаяди. 60 ёшдан ошган фуқоролар сони 47 фоизга кўпайиб, меҳнатига яроқли фуқаролар 24 фоизга камаяди. Бу ўз навбатида сайёранинг олдинги қаторида турадиган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишига, соғлиқни сақлаш соҳасига ва ҳарбий қудратига таъсир кўрсатади.






