Эл эрки эътиқодда
Улуғ юртнинг қутлуғ ниятли халқи юрт тинчлиги ва осойишталигини муқаддас билади, шукроналик ва қаноат ҳисси билан яшайди. Жаннатмакон юртимизнинг кундан-кунга, йилдан-йилга равнақ топа боришининг моҳияти ҳам аслида шунда. Аллоҳ назар қилган улуғ алломалари, илми нужум ва фиқҳ илмининг йирик мутафаккирларининг киндик қони тўкилган она диёримиз билан ҳар қанчалик фахрлансак арзийди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган қорилар кўрик – танлови миллий ва диний қадриятларимиз эъзозланишининг ёрқин намунасидир. Она юртимизда Ислом оламининг кўзгуси, маданият ва ахлоқий фазилатлар тимсоли бўлган Қуръони каримни ёдлаш, ўқиш, тинглаш ва англаш мақсади ҳам маърифий, ҳам руҳий эҳтиёждир.
20 апрел куни соат 9.00да 26 – Республика қорилар мусобақасининг навбатдаги якуний босқичи пойтахтимизнинг “Камолон” даҳасидаги муҳташам «Хўжа Аламбардор» жомеъ масжидида бошланади. Масжидга кириб борганимизда, саранжом саришталик ҳукмронлигини кўрдик. Байрамона безаклар, турли хил баннерлар билан зийнатланган масжид янада шукуҳлидир. Бу эса беихтиёр киши кўзини қувнатиб, дилини яйратади. Масжиднинг имом хатиби Раҳимберди қори Раҳмонов тадбир кўнгилдагидек ўтиши учун аллақачон қизғин тайёргарликларни бошлаб юборганлар. Шу сабабли масжид жамоасига шунингдек, бошқа мутасадди муассаса ходимларига олдиндан самимий миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз.
Мусобақада Тошкент Ислом университети ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти ва 9 та ўрта махсус Ислом билим юртлари талабалари. Иштирокчиларнинг чиқиш навбати қуръа ташлаш йўли билан аниқланди.
Мусобақа Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган НИЗОМ асосида, икки тур бўйича ўтказилади:
1. Қуръони каримни тўла ёд олган мураттаб қорилар мусобақаси.
2. Қуръони каримдан камида 10 пора ёд олган мужаввид қорилар мусобақаси
Иштирокчиларни баҳолаш ҳакамлар ҳайъати томонидан ишлаб чиқилган максимал 100 баллик система асосида олиб борилади. Мураттаб қори ва қориялар учун баллар қуйидаги миқдорда белгиланди: Ҳифз учун 40 балл, тажвид учун 40 балл, тараннум учун 10 балл, савт (овоз) учун 10 балл. Мужаввид қори ва қориялар учун баллар қуйидаги миқдорда белгиланди: Тажвиди 30 балл, тажвид қоидаларини билиши учун 20 балл, ёддан ўқигани учун 20 балл, савт ва тараннум учун 30 балл. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳомийларимизнинг мусобақа ғолибларига қимматбаҳо мукофотлари, дипломлари ҳамда эсдалик совғалари топширилади.
Барча иштирокчиларга омад ва тангри ёру мададкор бўлишини тилаб қоламиз.
Тадбирнинг айнан 20 апрелда ташкил этилишида ўзига хосу мос ҳам рамзий маъно бор. Чунки пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий ҳисоб билан 570 йилда айнан 20 апрель куни таваллуд топганлар. Чунки ўша йили Муҳаррам ойи айнан апрелга тўғри келган.
Манба: notiq.uz