Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда.

Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш мамлакатимизда миллий қадрият даражасига кўтарилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай эзгу тамойиллар ўз ифодасини топган. 

Бу айёмда бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теран англаймиз. 

Кекса авлод вакилларининг кўнглини кўтариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида. Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 18 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони фахрийларимизга эҳтиромнинг яна бир ифодаси бўлди. Мазкур фармонга мувофиқ уруш қатнашчиларига пул мукофотлари ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. 

8 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга уруш ва меҳнат фахрийлари, сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари ташриф буюрган. 

Майдон узра маҳзун мусиқа таралади. 

Соат 9:00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келди. 

Давлатимиз раҳбари ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. 

Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

– Шу кунларда юртимизда, қишлоқ ва шаҳарларимизда, ҳар бир оила ва хонадонда каттаю кичик – барча ватандошларимиз 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини, Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 71 йиллигини кенг нишонламоқда, – деди Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда. – Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаш, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш мен учун катта шарафдир. 

Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб таъзим қилиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.