Жаҳон | 07:58 / 08.05.2016
3530
1 дақиқада ўқилади

Қоҳира яқинида 9 полициячи отиб кетилди

Қоҳира яқинидаги Хелуане шаҳрида қуролли ҳужум оқибатида 9 полициячи ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Миср ҳуқуқ-тартибот муассасаларига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги.  

Бир гуруҳ қуролланган, ниқоблардаги кимсалар полициянинг хизмат микроавтобусини ўққа тутган. Оқибатда полиция зобити, капитан Муҳаммад Ҳамид ва унинг 8 нафар ҳамкасби ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси Хелуаннинг тергов бошқармаси ходимлари бўлганлар.

Дастлабки маълумотларга кўра, босқинчилар 4 киши бўлган. Экстремистлар бинодан чиққан полициячиларни пикапда тақиб қилиб борган. Ҳуқуқ-тартибот муассасалари воқеа жойида 39 та гильза аниқлашди.

Шаҳарда шу сабабли хавфсизлик чоралари кучайтирилди, бир неча туман ўраб олинди, ёндош кўчалар беркитиб қўйилди, жиноятчилар қидирилмоқда. Қоҳирадан жанубга олиб борувчи барча йўллар тўсиб қўйилди.

Маълумотларга кўра, ушбу босқинчилик ортида ИШИД террорчилик гуруҳи турган бўлиши мумкин. Гувоҳлар босқинчиларнинг машинасида террорчиларнинг белгисини кўришган.