Жамият | 09:00 / 10.05.2016
6680
3 дақиқада ўқилади

ЎзМУда “Мураббийлар танлови” ўтказилмоқда

Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак!

Бу ҳикматли каломлар ҳар бир тарбиячи-педагогнинг доимий шиорига айланмоғи лозим.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таълим билан бир қаторда тарбиявий ишларни ҳам такомиллаштириш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, университет мураббийлари ўртасида “Энг яхши мураббий” кўрик-танлови ҳам худди шу мақсадда ўтказилмоқда.

– Талаба ёшларни етук маънавиятли ва маърифатли, ўз касбининг моҳир мутахассислари этиб тарбиялашда ўқув гуруҳларида иш олиб борувчи мураббийларнинг ўрни беқиёсдир, – дейди ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Таълим ва тарбия ишларини давр талабидан келиб чиқиб самаралироқ ташкил этиш, миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг мазмун-моҳиятини ёшлар қалбига сингдириш, талаба ёшларни ватанпарвар ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида университет миқёсида ҳар йили “Энг яхши мураббий” танлови ўтказилади. Танлов Ўзбекистон Миллий университетида фаолият кўрсатаётган мураббийларнинг ибратли ишларини оммалаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларни ёшларга интеллектуал, маънавий-маърифий ҳамда ахлоқий жиҳатдан тўғри тарбия бера олиши, шунингдек, талабаларда ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмак бериш, қобилиятларини ўрганиш, мураббийлар ўртасида соғлом, ижодий рақобатни юзага келтириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш, ташаббускорлик туйғуларини ривожлантиришдан иборатдир.

Айтиш жоизки, танлов ўқув гуруҳларда фаолият олиб бораётан намунали, ташаббускор ва ўз ишининг моҳир билимдонлари бўлмиш мураббийларни танлаб олиш ва улар эришган ижобий ютуқларни кенг ёйиш имкониятини беради.

Айни пайтда Миллий университетимизда мазкур танловга тайёргарлик жараёнлари ўрганилмоқда. Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқа Ҳайъат аъзолари мураббийлар фаолияти билан яқиндан танишмоқда.

Ҳар бир факултетдан “Энг яхши мураббий” танловига тақдим этилган ҳужжат ва тегишли маълумотлар ўрганилмоқда. Энг муҳими, мазкур маълумотлар амалда қай даражада эканлиги эътибор билан кўриб чиқилмоқда. Чунончи, Биология ва тупроқшунослик, Иқтисод, Ижтимоий фанлар, Журналистика, Ўзбек филологияси факультетлари талабалари билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилмоқда.

Танлов Ҳайъати аъзолари “Мураббийлик дарси” ва “Ахборот соатлари” машғулотлари қай даражада ўтказилаётгани билан қизиқдилар. Талабалар бу машғулотларда юртимизда кечаётган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаёт, жаҳон майдонида юз бераётган воқеа-ҳодисалардан кенгроқ хабардор бўлишаётганини сўзлаб бердилар.

Талабалар билан бўлган суҳбатларда мураббийлар фаолиятига холис баҳо берилмоқда. Ўз навбатида кўплаб талабалар мураббийларининг фаолиятлари оиладаги ҳаётбахш муҳитни вужудга келтиришга хизмат қилаётганини эътироф этдилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур танлов ғолиблари 12 май – ЎзМУ ташкил топган кун муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимда эълон қилинади ва муносиб тақдирланадилар.

 

 

Улуғбек Усмонов,

ЎзМУ газетаси мухбири