Жамият | 17:37 / 11.05.2016
52469
3 дақиқада ўқилади

65 ёшли чолга турмушга чиққан 12 яшар “келин” барчани ҳайратга солди

Нью-Йоркдаги Таймс майдонида 65 ёшли куёв ва 12 яшар келиннинг тўй фотосессияси уюштирилди. Келин ва куёвнинг ёши ўртасидаги фарқни ҳазм қилолмаган йўловчи ва сайёҳлар бевосита фотосессия жараёнини бузишга жазм этишди.

Айни таълим олиш ёшида бўлган 12 яшарли “келин”нинг тушкун қиёфада куёв билан фотоссеясига тушишига йўловчи ва сайёҳлар жим қараб туролмади. Вояга етмаган қизчанинг нигоҳида қўрқув ва ғамгинликни пайқаган йўловчилар бевосита фотосессия жараёнини бузиб, келинни куёвдан ажратиб олишга уринди. Кимдир куёвни “агар қизчага уйланса, полиция чақириш” билан қўрқитган бўлса, айримлар қизчадан 65 ёшли чолга ўз розилиги билан турмушга чиқяпдими йўқми, сўрашарди. 

Видеороликда сайёҳларнинг кетма-кет саволга тутишидан қўрқиб кетган қизча бошини эгиб олди. Атрофдагилардан бири 65 ёшли чолни сўроққа тутиб, уни чалғитган бўлса, биров келиннинг қўлидан тутиб, уни воқеа жойидан олиб кета бошлади. 

Бир сўз билан айтганда “номуносиб жуфтлик” кўпчиликнинг ҳайрати ва ғазабига сабаб бўлди.

Энг қизиғи, бу тўй ҳақиқий эмасди. Яъни ушбу видеоролик аввалдан уюштирилган  бўлиб, бу орқали блогер Коби Персин дунёнинг баъзи мамлакатларида айни таълим олиш ёшида бўлган, вояга етмаган қизларнинг эрта турмушга бериш ҳолатига атрофдагилар қандай муносабат билдириши мумкинлигини аниқламоқчи бўлди.  

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Норвегияда худди шунга ўхшаш мавзу кўтарилиб, 12 яшарли Теа исмли қизча ўз блогида 37 ёшли эркакка турмушга чиқаётгани, мактабга бориш ташвишидан қутилганлиги ҳақида ёзади. Кейинчалик кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган ушбу Теанинг блоги Норвегиядаги Plan Norway - “Номуносиб никоҳ”га қарши кураш компанияси томонидан уюштирилганлиги маълум бўлади.   

Маълумотларга кўра, дунёнинг Баҳрайн, Уругвай (12 ёш), Коста-Рика, Багама ороллари, Доминикана Республикаси, Иордания, Словения, Колумбия(12 ёш), Суринам ва Жанубий Африка, Куба, Гватемала ва Венесуела (15 ёш) каби айрим мамлакатларида эрта турмушга чиқиш қонун билан кафолатланган. 

АҚШнинг қуйидаги штатларида ҳам қизлар ота-онасининг розилиги билан эрта турмушга чиқиши мумкин: Миссури, Миссисипи, Жоржия, Айдахо (15 ёшда), Техасда (14 ёш), Нью-Гэмпшир (13 ёш), Массачусетс(12 ёш).