ЛДПР етакчиси Леонид Слуцкий Молия вазирлиги раҳбарига чет эл фуқаросининг Россиядан ташқарига қиладиган ҳар бир ўтказмасидан мажбурий тўлов белгилаш таклифини юборди.

Ташаббусга кўра, банклар ва тўлов тизимлари ўтказма суммасининг 5 фоизини автоматик равишда ушлаб қолиши ва бу маблағларни федерал бюджетга ўтказиши керак бўлади.

«Агар пул Россияда ишлаб топилган бўлса, унинг бир қисми шу ерда қолиб, иқтисодиётимиз ва халқимиз учун ишлаши керак», — деди Леонид Слуцкий.

Партиянинг қайд этишича, ҳозир чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг чет элга ўтказмалари алоҳида солиқ ёки мажбурий йиғимга тортилмайди.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мигрантлар ҳар йили Россиядан 25 миллиард долларга яқин маблағни олиб чиқиб кетади. Мисол тариқасида 2025 йил маълумотлари келтирилган. Унга кўра, Россиядан Қирғизистонга пул ўтказмалари ҳажми 3,2 миллиард долларни, Ўзбекистонга эса қарийб 18,9 миллиард долларни ташкил этган.

Леонид Слуцкийнинг фикрича, янги йиғим федерал бюджетнинг қўшимча даромад манбаига айланади. ЛДПР, шунингдек, бу йиғим чет эл фуқароларининг Россияда бўлиши билан боғлиқ бюджет харажатларини қисман қоплаш имконини беради, деб ҳисоблайди.

Ҳозирча гап фақат партиянинг таклифи ҳақида кетмоқда. Бундай тўловни жорий этиш тўғрисида ҳали қарор қабул қилинмаган.