Жамият | 12:33 / 12.05.2016
19319
3 дақиқада ўқилади

Энг «уйқучи» мамлакат номи эълон қилинди

Америкалик математиклар  смартфондаги дастур ёрдамида дунёнинг 100та мамлакатидан мингга яқин инсонларнинг уйқу борасидаги маълумотларини ўрганиб чиқишди.   

Маълум бўлишича, энг «уйқучи» мамлакат Нидерландия бўлиб, у ерда, асосан, аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ ухлашар экан. 


Мичиган университетининг математиклари Даниэль Форжер ва Оливия Вальх икки йил муқаддам сайёҳларга жетлаг (вақт минтақасининг ўзгариш хасталиги)га қарши курашишда ёрдам берувчи Entrain дастурини ишга туширишди. Кейинчалик мазкур дастур орқали математиклар дунё бўйлаб минглаб инсонларнинг кун тартиби тўғрисидаги маълумотларни тўплашди.  

 Тадқиқотчилар вақтни кўпроқ уйқуга сарфлаш кўп ҳолларда ярим тунгача ишлаш зарурияти ёки дўстлар даврасида кечани ўтказиш каби ижтимоий сабабларга боғлиқ, деган хулосага келишди. Уйғониш эса инсоннинг индивидуаль биоритмларига боғлиқ экан. Шу сабабли, баъзан киши кечгача уйғоқ юриб, тонгда мириқиб дам оламан, деган ҳаёлга алданиб қолади.  

Шунингдек, олимлар аёллар эркакларга нисбатан ўртача ҳисобда 30 дақиқага кўпроқ ухлашини аниқлашди.  Ўрта ёшдаги эркаклар энг кам ухлашар экан  —  уларнинг ухлаш давомийлиги суткасига етти-саккиз соатли одатий уйқудан камроқ даражани кўрсатди. 


Энг «уйқучи» мамлакат Нидерландия бўлиб, мамлакат аҳолиси ўртача 8 соат 12 дақиқа ухлашар экан. Улар уйқуга деярли 7 соат 24 дақиқа вақт ажратувчи Япония ва Сингапурликлардан 45 дақиқа кўпроқ дам олишлари маълум бўлди.  

Оливия Вальх қайд этишича, кўп ҳолларда инсонлар дам олиш тушунчасини тўғри англамай туриб, олти соатли уйқу билан ҳам яшаш мумкин, деб ҳисоблашади. Олимларнинг айтишича, уйқусизлик ҳолатидан бир неча кун ўтгач, карахт юрган кишини мастликнинг енгил даражаси билан таққослаш мумкин. 

«Энг аянчлиси, одамлар уйқусираган ҳолда кундаликдаги ўз вазифаларини уддалай оламан, деб ўйлашади. Аслида эса бу каби вазиятларда инсон репродуктив саломатлиги кескин даражада ёмонлашади, киши эса буни сезмайди», — дея огоҳлантирди Оливия Вальх.