Иқтисодиёт | 18:08 / 13.05.2016
9637
3 дақиқада ўқилади

РБК раҳбарияти истеъфога чиқарилди

РБК газетаси муҳаррири Максим Солюс бўшатилиши ортидан сайт муҳаррири Роман Баданин ва бош муҳаррир Елизавета Осетинская Солюсга садоқатини билдирган ҳолда истеъфо берди. Бу истеъфолар қабул қилингани ҳақида РБК холдинги бош директори Николай Молибог расман маълум қилган.

«Кейинги вақтларда биз РБКнинг келгусидаги ривожланиши бўйича кўп марта гаплашдик. Лекин бу муҳокамаларда ягона фикрга кела олмадик. Натижада ҳамкорликни тўхтатиш қарорига тўхталдик. Мен Елизавета, Роман ва Максимга ўтган вақт давомидаги ҳамкорлик ва компания ривожидаги хизматлари учун миннатдорчилик билдиришни истардим», — дея Николай Молибогнинг сўзларини келтиради РБК сайти.

«Ведомости» нашрининг РБК тизимидаги манбаси хабарига кўра,  Осетинская ва Баданин икки томонлама келишув асосида истеъфога чиққан, Максим Солюс эса «ўз ихтиёрига қарши» ишдан бўшатилган.

Ушбу медиаменежерларнинг ўринларини кимлар эгаллаши ҳақида бироз кейинроқ маълум қилиниши айтилган.

Осетинская 2013 йилдан буён РБК бош муҳаррири сифатида ишлаб келаётганди. У бунгача Forbes журналининг русча версиясида фаолият кўрсатган. У шунингдек, бир муддат "Ведомости.ру" сайти бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

Солюс 2014 йилнинг баҳорида РБК газетаси бош муҳаррири сифатида тайинланганди. Ундан олдин у "Ведомости" газетасида 10 йил давомида бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Баданин РБК ахборот агентлигини 2014 йилнинг январидан буён бошқариб келаётганди. Муқаддам у forbes.ru сайтида бош муҳаррир бўлган.

Апрель ойида Осетинская АҚШга кетганди. У аввалига жамоага август ойида ишдан кетиши ҳақида маълум қилди, кейинроқ бу иш май ойидаёқ рўй беришини билдирди.

Кейинги вақтларда РБК холдинги Владимир Путиннинг қизи ва куёвининг "Панама можароси"га аралашгани ҳақидаги материаллари туфайли Кремль босими остида қолгани бўйича миш-мишлар билдирилди. Россия президенти матбуот котиби Песков эса бундай гапларни инкор қилди ва миллиардер Михаил Прохоровга тегишли бўлган «Онэксим» гуруҳи офисида ўтказилган текширувлар РБК таҳририяти сиёсати билан боғлиқ эмаслигини айтди.