Улфатчилик оқибатида бир инсон ҳаётдан кўз юмди
Умаржон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кечки уйида очган ошхонага кириб келди. Хўрандалар сийрак, шу боис ошхона эгаси Акрамжон қўшни йигитнинг таклифига йўқ, демади. Умаржон пиёлага ароқ қуйиб узатганида қайтармади. Аччиқ-чучуқ билан газак қилиб ўтиришди. Кабобпаз дастурхонга кабоб келтириб қўйиб, ортига қайтди.
Кайфи тароқ Умаржон ёмон сўкинди. “Тур, йўқол”, дея ҳайдаб солган Акрамжон билан муштлашди, кўзини кўкартирди. Расулжон уларни ажратиб, қўл телефонида ҳамон ўзини боса олмай сўкинаётган Умаржоннинг акасини чақирди. Усмон ака етиб келиб, укасини ташқарига судради. Ташқарида ошхона эгаси – Акрамжоннинг ўғли, укалари, Усмон аканинг ўғиллари тўпланган, ким ҳақ, ким ноҳақ, уришни ким бошлади, муҳокама қилишаётган эди. Кўз ости кўкарган Акрамжонни ичкари уйга олиб кириб кетишди. Усмон ака Умаржонни ўғилларига қолдириб, шу яқинда турадиган, икки уч марта қамалиб чиққан Акмалжоннинг уйига борди, укасининг қилмиши учун ундан узр сўради.
- Укам сизнинг укангиз билан жанжаллашиб қолибди, - дея можаро газаклашиб кетишининг олдини олишга тиришди. – Иккаласиям маст, эртага соғликларида гаплашамиз, яраштириб қўямиз.
Муқаддам тўрт марта жиноятга қўл уриб судланган, сўнгги ахлоқ тузатиш ишлари жазосини яқинда ўтаб бўлган эллик уч яшар Акмалжоннинг ҳам кайфи тароқ, ароқ ичиб олган, гап уқадиган аҳволда эмасди. Ўзича, укамга қўл кўтарганни соғ қўймайман, дея ошхона пичоғини қўйнига яшириб, Усмон аканинг ортидан кўчага чиқди. Беш-олти киши тўпланиб турган ошхонага яқинлашди. Ҳамон оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган Умаржонга хезланди. Чап кўкрагига бир марта пичоқ санчиб олди. Йигит кўксини чангаллаганича ўн-ўн беш қадам ташлаб йиқилди. Гап талашаётган йигитларни тинчитишга уринган Усмон ака ортига ўгирилганида укаси юзтубан ётарди. Йўловчи “Дамас” машинасини тўхтатди. Шифохонада врачларнинг муолажалари зое кетди. Юрагидан жароҳат олган Умаржон орадан тўрт соат ўтиб вафот этди. Тузалиш йўлига ўтмасдан такроран жиноятга қўл урган, бировнинг умрига зомин бўлган Акмал Маъмуровга суд узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.