Жаҳон | 10:18 / 18.05.2016
10343
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон аҳолиси сони 17,7 миллиондан ошди

Қозоғистон аҳолисининг сони 2016 йилнинг 1 апрелига кўра 17733,2 минг нафар кишини ташкил этди, дея хабар беради ҚР Миллий иқтисодиёт вазирлиги статистика қўмитаси.

"Қозоғистон аҳолисининг 57 фоизи (10113,8 минг киши) шаҳарда, 43 фоизи эса (7619,4 минг киши) қишлоқда яшайди. 2015 йил 1 апрелига нисбатан аҳолиси сони 1,47 фоизга (257,1 минг киши) ортган", - дейилади хабарда. 

РАГС органлари томонидан тақдим этилган фуқаролик ҳолати актларидаги маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-март ойларида туғилганлар сони 99,4 мингни ташкил этди (2015 йилнинг январь-март ойларида эса 92,1 минг), бу ўтган йилги кўрсаткичга қараганда 7,9 фоизга кўп. 

Жорий йилнинг январь-март ойларида вафот этганлар сони 34,4 (2015 - 33,2) мингни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 фоизга кўп демакдир.

Республика аҳолисининг табиий ўсиш кўрсаткичи 2016 йил январь-март ойларига кўра, 6,1 минг кишига (10,4 фоизга) кўпайиб, 65,0 минг нафарни ташкил этди. 

Муҳожирлик полициясининг маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январь-март ойларида республикага доимий рўйхатдан ўтиш учун келганлар сони ўтган йилнинг шу даврига қараганда 26,7 фоизга камайиб, 3053 кишини ташкил этди. Мамлакатдан кетган муҳожирлар сони 20,3 фоизга кўпайиб, 5434 нафар кишидан иборат бўлди.  

Кўриб чиқилаётган давр ичида мамлакатдан ташқарига кўчиб кетаётган кишилар сони ўтган йилдагига қараганда 16,6 фоизга камайиб, 97660 кишини ташкил этди.