Вашингтонда Оқ уй олдида отишма содир бўлди
Вашингтондаги Оқ уй унинг ёнида отишма овозлари эшитилгандан кейин ўраб олинди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.
Бу пайт АҚШ президенти Эндрюс авиабазасида бўлган.
CNN телеканалига ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги манбанинг маълум қилишича, Махфий хизмат ходимлари назорат-ўтказиш пункти ёнида қўлида қуроли бўлган эркакни ўққа тутишган. Эркак қорин соҳасидан жароҳат олган ва маҳаллий шифохонага оғир аҳволда етказилган.
Шу сабабли Оқ уйда махсус хавфсизлик тартиби киритилган, бинодан чиқиш вақтинчалик тўхтатилган. Бироқ бироздан кейин барча чекловлар олинган.
Оқ уй ҳудудига киришга уринишлар мунтазам содир этиб турилади. Бундай ҳолатлардан шов-шувлиси 2014 йил сентябрда юз берган. Ироқдаги уруш фахрийси Оқ уй панжарасидан сакраб ўтиб, қўлга олингунча Оқ уй ичига киришга муваффақ бўлган. Унинг автомобили тинтув қилинганда иккита болта, мачете (узун пичоқ) ва 800 та патрон аниқланган.
Шу воқеадан кейин ўша вақтдаги Махфий хизмат раҳбари Жулия Пирсон истеъфога кетган, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Қонун чиқарувчилар Оқ уйга ноқонуний кириш ҳолатларининг олдини олиш учун унинг периметри бўйича ариқ қазишни бир неча бор таклиф қилишган.