ОАВ: Толибонлар етакчиси тирик бўлиши мумкин
Афғонистон бош вазири Абдулла Абдулла “Толибон” ҳаракати етакчиси Мулла Ахтар Мансур АҚШ ҳаво ҳужуми орқали йўқ қилингани эҳтимолини тасдиқлади. Бу ҳақда Рейтер агентлигига асосланиб РИА Новости хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, толибонлар раҳбарини бартараф этиш мақсадидаги авиаҳужум шанба, 21 май куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 (Тошкент вақти билан ҳам 15:00)да Покистонда Афғонистон пойтахтига яқин Аҳмад-Вал шаҳрида амалга оширилган эди. Бомбардимон амалиётида Американинг бир неча учувчисиз самолётлари иштирок этди. Улар жангарилар раҳбари борлиги тахмин қилинган автомобилни нишонга олган.
“Ўтган тунда АҚШ маъмурияти вакиллари бу ҳақда Афғонистон ҳукуматига хабар қилди. Мулла Мансур ўлдирилгани ҳақиқатга жуда яқин. Қўшимча маълумот олишимиз билан, халққа етказамиз”, - деди бош вазир.
Бироқ Samaa телеканали, ҳаво ҳужуми натижасида мулла Мансур эмас, такси ҳайдовчиси ва йўловчи ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда. Толибонлар вакили ҳам ҳаракат етакчисининг ўлими тўғрисидаги маълумотни инкор этди.
Пентагон вакили Питер Кук эса ҳарбий амалиёт натижалари таҳлил этилаётгани ва қўшимча маълумотлар кейинроқ маълум қилинишини билдирди.