«Аякс» янги бош мураббий номини эълон қилди
Исроилнинг «Маккаби Тель-Авив» мураббийи сифатида ишлаб келган Петер Бос янги мавсумдан Нидерландиянинг «Аякс» жамоасини бошқаради.
Амстердамликлар жамоаси таклифидан кейин исроилликлар жамоаси 52 ёшли мутахассис билан 2017 йилнинг ёзига қадар тузилган шартномани бекор қилишга рози бўлган.
Боснинг 1 июль кунидан кучга кирадиган «Аякс» билан шартномаси 2019 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
Петер Бос ўз вақтида Нидерландия терма жамоасида 8та учрашувда майдонга тушган. Мураббийлик фаолиятини 1999 йилда бошлаган собиқ футболчи «Хераклес» ва «Витесс» жамоаларида ишлаган. У шунингдек, «Фейеноорд» жамоасининг техник директори сифатида фаолият кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, 2 ҳафта олдин Франк де Бур «Аякс» бош мураббийлидан истеъфога чиқди. У кетма-кет 2 мавсумда жамоа билан совринсиз қолди.