Путин ЕОИИ мажлисида иштирок этиш учун Қозоғистонга келди
Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига етиб келди ва президент саройи "Акорда"га жойлашди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз саройида Россия раҳбарини кутиб олган.
Путин сафари давомида Назарбоев билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. У шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) кенгашининг олий даражадаги учрашувида иштирок этади.
Унда Путиндан ташқари Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Арманистон давлат раҳбарлари: Нурсултон Назарбоев, Александр Лукашенко, Алмазбек Атамбаев ҳамда Серж Саргсян қатнашади.
Мажлисда Иқтисодий иттифоқ фаолиятига оид жорий масалалар ҳамда унинг бошқа хорижий мамлакатлар билан савдо алоқаларини ривожлантиришга оид мавзулар кўриб чиқилади.