Саноқли ойлардан кейин олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади. Айни пайтларда эса аксарият абитуриентлар билим олиш, мактаб ва коллежларда эгаллаган билимларини такрорлашга қаттиқ киришган. Кимдир репетитор ёллаб, машғулотларга қатнаётган бўлса, кимдир мустақил шуғулланмоқда. Uztest.uz сайти абитуриентларга имтиҳонга тайёргарлик бўйича бир қатор фойдали тавсияларни ишлаб чиқди. Уларга риоя қилиш тайёргарлик, билимларни синовдан ўтказиш ва имтиҳонларни муваффақиятли топширишга ёрдам беради. Демак, бўлғуси талабалар эътибор қаратиши лозим бўлган тавсиялар қуйидагилардан иборат.

Вақтингиздан унумли фойдаланинг

Айрим абитуриентлар имтиҳон бошланишига бир кун қолганда: “Қанийди яна бир ҳафта вақт берилсаю яхшилаб такрорлаб олсам”, деб орзу қилади. Бундай ҳолга тушиб қолмаслик учун синовларга вақт борида тайёргарлик кўриб бориш керак. Бунинг учун вақтингизни самарали тақсимлаб чиқинг. Ҳар хил фойдасиз машғулотлар, “Одноклассники”, “Фейсбук” ёки Telegram учун қимматли вақтингизни исроф қилманг.

Мияга зўриқиш берадиган ортиқча ахборотлардан халос бўлишга ҳаракат қилинг. Бунинг энг тўғри йўли — ижтимоий тармоқлар, дўстлар билан учрашув ва суҳбатлардан имтиҳонгача узоқлашиш. Агарда бу қўлингиздан келмаса, севимли ресурсларга кирадиган вақтингизни чекланг — кунига 10-20 дақиқадан ошмасин. Акс ҳолда улгурмаслигингиз мумкин.

Тўғри овқатланинг

Унутманг, миянинг яхши ишлаши учун унга етарли миқдорда суюқлик керак. Шунинг учун доимо ўқиётган вақтда олдингизда ичишга сув ёки кўк чой бўлсин.
Шифокорлар абитуриентлар эрталабки нонуштага катта эътибор қаратиши кераклигини уқтиради. Эрталабки овқат кишига кун давомидаги зарур энергияни беради. Эрталаб организм “уйқудан уйғониши” учун бир стакан сув ичинг, орадан қанчадир вақт ўтиб овқат енг. Нонушта клетчатка ва оқсилга бой бўлиши шарт: сули бўтқаси (овсяная каша), тухум, ёғсиз творог, пишлоқ, ёнғоқ, хўл ва қуруқ мевалар.
Тушлик ва кечки овқатда В гуруҳига мансуб витаминлар ва темирга бой маҳсулотлар — қизил гўшт ва жигар, балиқ, йирик майдаланган буғдой ва бошоқли ўсимликлар унидан ёпилган нон, рангли карам, қўзиқоринлар кони фойда. Овқатланишлар орасида ҳам енгил тамадди қилиб олишни унутманг. Лекин конфет, чипс, газли ичимликлар каби кимёвий моддалар қўшилган егуликлардан узоқроқ бўлинг, улар ўрнига мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг. Баъзида қора шоколад еб туринг. Унинг аччиқроғини танланг — миянинг яхшироқ ишлашига ёрдам беради.